Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Арнасой: туризм ривожи йўлида янги босқич
19:07 / 2026-02-09

Сўнгги йилларда Ўзбекистон туризмни иқтисодий тараққиётнинг муҳим устувор йўналишларидан бирига айлантирди. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида соҳани жадал ривожлантириш, туристлар оқимини кўпайтириш ва ҳудудлар салоҳиятини тўлиқ ишга солиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Жиззах вилоятига 2025 йил декабрь ойида амалга оширилган ташриф чоғида ҳам давлат раҳбари масъуллар зиммасига айни шу йўналишда қатъий топшириқлар юклаган эди.

Ана шу вазифалар ижроси доирасида Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққуловнинг Арнасой туманига бўлган хизмат сафари муҳим аҳамият касб этди. Сафар давомида Айдар–Арнасой туризм масканида амалга оширилаётган ишлар, мавжуд инфратузилма ва келгусида режалаштирилган лойиҳалар атрофлича ўрганилди. Мақсад битта — ҳудудни мамлакат туристик харитасида барқарор ва рақобатбардош масканга айлантириш.

Эътиборли жиҳати шундаки, ташриф чоғида туризм масканига яқин ҳудудда янги барпо этилган аэропорт имкониятларига алоҳида тўхталинди. Ушбу ҳаво дарвозаси Арнасойга сайёҳлар оқимини ошириш, логистика ва транспорт қулайликларини кенгайтиришда муҳим омил сифатида баҳоланди. Мутахассислар фикрича, айнан шу инфратузилма ҳудуд туризмини янги босқичга олиб чиқиши мумкин.

Шунингдек, Бахтли маҳалласида режалаштирилаётган замонавий инфратузилма лойиҳалари, дам олиш масканлари ва сервис объектлари тақдимоти ўтказилди. Бу лойиҳалар нафақат сайёҳлар учун қулай муҳит яратиш, балки маҳаллий аҳолини иш билан таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Маълумки, 2025 йилнинг январь–ноябрь ойларида мамлакатимизга 10,7 миллиондан зиёд турист ташриф буюрган. Бу рақам туризм соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар амалда самара бераётганини кўрсатади. Арнасой каби ҳудудларда олиб борилаётган ишлар эса мазкур ривожланишни ҳудудлар кесимида мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Арнасойдаги ўрганишлар яна бир ҳақиқатни кўрсатди: агар марказда белгиланган вазифалар жойларда аниқ режа ва масъулият билан амалга оширилса, туризм фақат тарихий шаҳарлар билангина чекланиб қолмайди. Табиий ва минтақавий имкониятлар ҳам миллий иқтисодиётнинг муҳим таянчига айланиши мумкин.

Қисқача айтганда,  бугунги Арнасой Президент ташаббуси билан бошланган ислоҳотлар Жиззах заминида ҳаётга изчил татбиқ этилаётганини яққол намоён этмоқда. Бу эса ҳудуд туризмининг келажаги учун ишончли замин яратади.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири