Хизмат сафари билан Хитой Халқ Республикасида бўлиб турган Жиззах вилоятининг Арнасой тумани ҳокими Одил Мусанов бошчилигидаги делегация “Boshiran” компанияси раҳбарияти билан учрашув ўтказди.
Суҳбат чоғида туман ҳокими компания президентига миллий анъаналаримизнинг тимсоллари — чопон ва дўппи тақдим этди. Бу ўзбек халқига хос ҳурмат ва эътиборнинг самимий намоёни эканлиги таъкидланди.

Ташриф доирасида арнасойлик мутахассислар компаниянинг қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқариш заводида бўлиб, замонавий агрегатларнинг яратилиш жараёни билан яқиндан танишишди.

Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки,“Xinjiang Boshiran Agricultural Machinery Technology” компанияси пахта ҳосилини йиғиш техникасини ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, Хитойда бу йўналишда ягона малакали ишлаб чиқарувчи сифатида нуфузга эга. Компания 3, 4, 5 ва 6 қаторли агрегатларда ишловчи пахта терим машиналарининг барча турларини мустақил ишлаб чиқариш имконига эга.


Мазкур учрашув ва саёҳат қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
А.Қаюмов, ЎзА