Армияга чақирилувчилар такрор тиббий кўрикдан ўтказилмайди
Қуролли Кучлар салоҳиятини янада ошириш ва мудофаа қудратини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишларга қаратилди.
Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатини ўтаб бўлган муддатли ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбирда асосий эътибор Миллий армиямизни малакали ва етук кадрлар билан таъминлаш, Қуролли Кучлар салоҳиятини янада ошириш ва мудофаа қудратини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишларга қаратилди.
Таъкидлаш лозимки, фуқароларнинг муддатли ҳарбий хизматни ўташ тизимини такомиллаштириш борасида кўрилган чора-тадбирлар Қуролли Кучларни чақирилувчилар билан тўлдиришни сифат жиҳатидан яхшилаш имконини бермоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2020 йил 6 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ҳарбий хизматга чақириш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, чақирув мутлақо янги тизимда ташкил этилиши йўлга қўйилди.
Унга кўра, вазирлик ва идора вакиллари томонидан номзод чақирилувчи билан яккама-якка тарзда суҳбат ўтказиш орқали уларни ҳарбий хизматни ўташ учун танлаб олиш ва қўшин турларига тайинлашнинг поғонали механизми жорий этилди. Жойларда чақирув тадбирларини сифатли ўтказиш учун мудофаа ишлари бошқармалари ва мудофаа ишлари бўлимларида бир қатор комиссиялар тузилди. Асосий мақсад чақирув тадбирлари очиқ, ошкора ва шаффофлик руҳида ўтказилиши, шу орқали Қуролли Кучларни фидойи, ватанпарвар ва юксак салоҳиятли чақирилувчилар билан бутлаш имкониятини яратишдир.
– Жорий этилган янги тизимни йўлга қўйиш орқали кўплаб қулайликларга эришилди, – дейди Мудофаа вазирлиги бошқарма бошлиғи, подполковник Улуғбек Қодиров. – Хусусан, ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлари, шунингдек, ўз қўшин турлари учун саралаш ва бутлашга масъул бўлган МВ, ИИВ, ФВВ, ДХХ ЧҚ ва Миллий гвардия вакилларининг жавобгарлиги ортади. Номзодлар яккама якка суҳбат ўтказиш орқали танлаб олиниши туфайли Қуролли Кучларни муддатли ҳарбий хизматчилар билан сифатли бутлашга эришилади. Армияга чақирилаётган ёшларни қайта-қайта, бир-бирини такрорловчи тиббий кўриклардан ўтказиш зарурати йўқолади.
Тадбирда муддатли ҳарбий хизматга чақирилаётган ёшларнинг соғлиғига бўлган талаблар, тиббий комиссиядан ўтиш тартиби каби масалалар юзасидан ахборот берилди. Чақирилувчиларни якуний тиббий кўрикдан ўтказиш масъулияти ҳарбий госпиталларнинг ҳарбий шифокорлари зиммасига юклатилди. Шунингдек, вилоятлар бўйича раҳбарият кенгаши, ҳарбий-тиббий комиссиялар, туманларда эса Қуролли Кучларни бутлаш комиссияси фаолияти йўлга қўйилди.
Барча фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида Мудофаа ишлари бўлимларида электрон тизимга асосланган “Ягона дарча“ хизмати жорий этилмоқда. Эътиборлиси, чақирувчилар, уларнинг ота-оналарининг мурожаатлари тўғридан-тўғри раҳбарият кенгаши томонидан шу жойнинг ўзида якуний тарзда ҳал этилади.
Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.