Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«АрМИ—2021»: «Танк биатлони» мусобақасида Ўзбекистон жамоаси ярим финалга чиқди
21:16 / 2021-08-29

Россия Федерацияси Москва вилоятида жойлашган «Алабино» полигонида VII Ха лқаро армия ўйинлари доирасида ўтказилаётган «Танк биатлони» мусобақасининг ярим финал иштирокчилари номи маълум бўлди.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларидан иборат вакилларимиз иштирок этаётган биринчи дивизионнинг «Яккалик пойга» шартида ҳар бир жамоанинг учала экипажи ҳам ўз маҳоратларини синовдан ўтказди. Юртдошларимиз бу шартда мусобақанинг энг кучли иштирокчилари ҳисобланадиган Россия Федерацияси ва Хитой Халқ Республикаси жамоалари билан бир гуруҳда ҳаракат олиб борди. Танкчиларимиз бу жамоаларга ҳар жиҳатдан муносиб рақиб бўла олди.

Учинчи экипаж чиқишлари ҳам кутилганидек анча шиддатли тарзда бўлиб ўтди. Унда россиялик танкчилар экипажи финишгача 19 дақиқаю 40 сонияда вақт сарфлаган бўлса, Хитой Халқ Республикаси жамоаси масофани 19 дақиқаю 39 сонияда босиб ўтди. Вакилларимиз стартдан финишгача 23 дақиқаю 9 сония вақт сарфлашди.

Қолган гуруҳлардан жой олган Беларусь, Озарбайжон, Қозоғистон, Мўғулистон, Сербия, Венесуэла, Сурия ва Вьетнам жамоалари ҳам мусобақанинг биринчи босқичида муносиб иштирок этди.

Шундай қилиб 11 та жамоа қатнашаётган биринчи дивизионнинг дастлабки босқичидан кейин ярим финал иштирокчилари номи аниқланди. Унга кўра (жамоалар биринчи босқичда кўрсатган натижалари бўйича кетма-кетликда жойлашган), Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси, Беларусь, Озарбайжон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Мўғулистон ва Сербия жамоалари мусобақанинг ярим финалида қатнашиш имкониятини қўлга киритди. Вьетнам, Венесуэла ва суриялик танкчилар мусобақа билан хайрлашди.

Эртага ярим финалда иштирок этадиган жамоалар учун қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади. 31 август кунидан эса беллашувларга киришилади. Ярим финалда танкчилар «Эстафета» шарти бўйича ўзаро куч синашади.

ЎзА