Халқаро армия ўйинларининг Жазоирда ўтказилаётган «Содиқ дўст» мусобақаси ҳам тобора қизғин тус олмоқда.
Айни пайтда иккинчи босқичдан кейинги натижаларга кўра, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги эркаклар жамоаси 9 балл, аёллар жамоаси эса 6 балл билан биринчи ўринларда боришяпти.
Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.

Шунингдек, вакилларимиз «Содиқ дўст» танловида жорий йилги илк рекордни ҳам ўрнатишнинг уддасидан чиқди. Яъни, сержант Улуғбек Нуриллаев 300 метр масофадаги тўсиқларни хизмат ити билан енгиб ўтиш йўлагида рекорд ўрнатди. Бу Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги эркаклар жамоасига ўзлари билан бир хил балл тўплаган Россия жамоасидан устунлик берди. Кейинги ўринларда мос равишда Беларусь, Жазоир ҳамда Вьетнам бормоқда.


Аёллар ўртасидаги беллашувларида ҳам ўзбекистонликлар пешқадамлик қилишяпти. Жумладан, контракт бўйича хизматчи оддий аскар Диёра Валижонова юқоридагидек баҳсда 3 та жамоа ичида энг яхши кўрсаткични қайд этди. Кейинги ўринларни эса Россия ҳамда Жазоир аёллар жамоаси банд қилишган.
ЎзА