«АрМИ – 2021»: «Отлиқ марафон»чиларимиз фахрли 2-ўринни эгаллади
Халқаро армия ўйинларининг барча йўналишларида бирин-кетин ғолиб жамоалар номи эълон қилинмоқда. Қувонарлиси шундаки, музаффар жамоалар қаторида Ўзбекистон номи ҳам қайта ва қайта тилга олиняпти.
Россия Федерацияси Тува Республикасида бўлиб ўтган «Отлиқ марафон» мусобақаси ҳам ўз ниҳоясига етди. Унда жамоалар «Узоқ масофага отлиқ марафон уюштириш» ва «Аралаш эстафета» шартлари бўйича ўзаро беллашди.
Ўзбек халқи азалдан от билан дўст тутинган. У билан тиллаша олган. Ўзбек чавандозлари довруғи ҳам бутун дунёга кетган. Ана шундай азамат ўғлонларимиз бугун «Отлиқ марафон» мусобақасида муносиб иштирок этиб, якунда фахрли 2-ўринни қўлга киритди. Биринчи ўрин Россия Федерация жамоасига насиб этган бўлса, учинчи ўринни қозоғистонлик ҳарбий хизматчилар банд этишди.

«Отлиқ марафон» жамоасини ушбу ғалаба билан табриклаб, қолган йўналишлар бўйича иштирок этаётган вакилларимизга ҳам омад тилаймиз.


ЎзА