«АрМИ-2021» Халқаро армия ўйинларининг «Ҳарбий-тиббий эстафета» мусобақаси доирасидаги «Шахсий маҳорат» яккалик баҳсларида ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари навбатдаги ўта қийин ва машаққатли шартлардан яна бирини бажаришди.
Яъни иштирокчи жамоалар вакиллари эркаклар ва аёллар гуруҳларига бўлинган ҳолда симуляция ускуналари ўрнатилган махсус майдонда муросасиз баҳс олиб борди. Бунда улар биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун ҳозирланган махсус сумкани кўтарган ҳолда старт чизиғидан маълум масофагача югуриб, кейин эса белгиланган жойдан эмаклаган кўйи шартли ярадор аскарга етиб бориш ва уни майдондан олиб чиқиш, беморда юрак-ўпка реанимациясини ўтказиш, томирга дори воситасини юбориш машқларини бажаришди.
Ҳа, ушбу мусобақа иштирокчиларига осон бўлмади. Айниқса, аёллар гуруҳи вакиллари шартларни бажаришда бирмунча мураккаб вазиятларга дуч келишди. Сабаби, шартли жанг майдони бўйлаб шунчаки манекен эмас, ўртача оғирликдаги вазнга эга ҳақиқий шартли ярадор аскарни аввалига қуроли билан биргаликда силжитиб маълум масофага олиб ўтиш, кейин эса унга кўрсатилиш керак бўлган тиббий муолажа манекенда бажарилиб, сўнгра газниқобни таққан ҳолда «бемор»ни кўтариб ҳаракатланиш улардан юқори жисмоний тайёргарлик ва матонат талаб қилди.
Шунга қарамай марра чизиғи томон жон-жаҳди, бор кучи билан интилаётган аёл тиббиёт ходимларининг жасоратига қойил қолмасликнинг иложи йўқ. Гоҳида бундай шартларни бажариш ҳатто, эркакларга ҳам катта босим туғдириши мумкин.
Ўрта ва кичик тиббиёт ходимларининг эркаклар гуруҳидаги ўзаро беллашувлари ҳам шиддатли ва ёрқин таассуротларга бой бўлди.
Шу тариқа ҳамюртларимиз чақмоқ тезлигида ҳаракатланган бугунги беллашувларнинг эркаклар ўртасидаги баҳсларида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси вакили кичик сержант Валижон Бегалиев (3 дақиқа, 22,1 сония), Ҳокимбек Мадаминжонов (3 дақиқа, 28,2 сония) ҳамда кичик сержант Шоҳруҳ Ибрагимов (3 дақиқа, 40 сония) вақтларда марра чизиғига етиб келиб, кучли учликни банд қилишди.
Аёллар ўртасидаги баҳсларда ҳам юртдошларимиз кичик сержант Амина Мамедова (4 дақиқа, 46,7 сония), кичик сержант Шоҳида Раҳимова (4 дақиқа, 49 сония) ҳамда кичик сержант Лилия Манасыпова (5 дақиқа, 17,5 сония) билан юқори натижаларнинг ўзимизда сақланиб қолишини таъминлади.
Эслатиб ўтамиз, «Шахсий маҳорат» босқичининг аввалги шартларида, яъни ягона тўсиқлар йўлагидан ўтишда ўзбек ўғлони кичик сержант Валижон Бегалиев (2 дақиқа 24,2 сония) вақт сарфлаб, янги рекордни ўрнатганди. Шунингдек, яна бир юртдошимиз кичик сержант Амина Мамедова ҳам АК-74 қуролидан отиш бўйича 193 балл тўплаб, аёллар ўртасидаги баҳсларда рекордчига айланган.











ЎзА