22 август куни Марказий ҳарбий округнинг “Фориш” тоғ полигонида “АрМИ – 2021” VII Халқаро армия ўйинларининг мамлакатимиз мезбонлик қилаётган “Ҳарбий-тиббий эстафета” ва “Дала ошхонаси” танловига старт берилди.
Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов, Россия Федерацияси мудофаа вазири ўринбосари Тимур Иванов, иштирокчи давлатлар жамоалари вакиллари, сенаторлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, фахрийлар ва ёшлар, журналистлар ва блогерлар иштирок этди.
Жорий йилги “Ҳарбий-тиббий эстафета” мусобақасида жами 8 давлат – Ўзбекистон, Хитой Халқ Республикаси, Россия Федерацияси, Беларусь Республикаси, Вьетнам, Мьянма, Фаластин, Тожикистон вакиллари қатнашмоқда.

“Дала ошхонаси” мусобақасида эса 5 давлат – Ўзбекистон, Вьетнам, Россия Федерацияси, Беларусь Республикаси, Тожикистон жамоалари иштирок этмоқда.
Дастлаб Халқаро армия ўйинлари доирасида ўтказилаётган “Ҳарбий-тиббий эстафета” ҳамда “Дала ошхонаси” мусобақаларини тантанали очиш ва табрик учун сўз Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбановга берилди.
Халқаро мусобақаларни кириш сўзи билан очиб берган Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири иштирокчиларни қутлаб, уларга омадлар тилади.

Шундан сўнг табрик учун сўз Россия Федерацияси мудофаа вазири ўринбосари Тимур Ивановга берилди.

Тантанали маросимда ҳакамлар, мусобақа қатнашчилари, фахрий қоровул ва линейчилар тантанали марш билан ўтишди.
Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий оркестрининг кўргазмали дефилеси, таниқли бадиий жамоалар ва санъаткорлар ижросидаги катта концерт дастури ҳамда турли халқлар маданиятини ифода этувчи бадиий чиқишлар намойиш қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси курсантлари қурол билан кўргазмали чиқишларни ижро этишди.
ЎзА