Бир неча кундан бери «Фориш» тоғ полигонида давом этаётган «Ҳарбий-тиббий эстафета» мусобақаси, айтиш мумкинки, тобора авж нуқтасига чиқиб бормоқда.
Мусобақанинг тўртинчи кунида иштирокчи жамоалар вакиллари – врач мутахассислар эркаклар ва аёллар гуруҳларига бўлинган ҳолда ягона тўсиқлар йўлагида комплекс машқларни бажарди ва симуляция воситаларидан фойдаланган ҳолда касбий маҳоратларини намойиш этди.

Дарҳақиқат, бугунги шиддатли баҳсларда ягона тўсиқлар йўлаги ҳарбий шифокорларнинг жисмоний тайёргарлиги ва иродасини синаган бўлса, симуляция воситалари жам бўлган навбатдаги нуқта ўз касбининг усталарини аниқлаб берди. Хусусан, жамоалар вакиллари мазкур нуқтада коникотомия (трахеяга ташқаридан ҳаво юбориш), торакоцентез (плевра бўшлиғидан ҳаво чиқариш), юрак-ўпка реанимацияси, томирга дори воситасини юбориш машқларини бажаришди.

Мусобақа иштирокчиларининг ҳар бир ҳаракати, йўл қўйилган хато ва камчиликлар халқаро ҳакамлари томонида қайд қилиб борилди. Томошабинларнинг ҳайқириқлари, олқишлари эса ҳар кунгидан баландроқ бўлиб, майдон узра жон-жаҳди билан ҳаракат қилаётган мутахассисларга чинакамига куч бағишлади, десак муболаға бўлмайди.
Мазкур беллашувнинг якуний натижаларига кўра, эркак врач мутахассислар ўртасида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси вакиллари яққол пешқадам бўлишди. Жумладан, тиббиёт хизмати катта лейтенантлари Ҳамробек Қурбонбоев, Санжарбек Аъзамов ҳамда танловдан ташқари иштирок этаётган Элёр Қувондиқов барчадан юқори балл тўплаб, кучли учликни банд этди. Аёл врач мутахассислар ўртасида ҳам вакилларимиз илғорликни сақлаб қолишнинг уддасидан чиқишди. Яъни тиббиёт хизмати катта лейтенанти Азиза Қурбонова ҳамда тиббиёт хизмати майори Лариса Холмаматовалар биринчи ва иккинчи ўринларни қўлга киритган бўлса, учинчи ўрин Россия Федерацияси вакили тиббиёт хизмати катта лейтенанти Юлия Благодирга насиб этди.

Шунингдек, бугун мусобақа доирасидаги яна бир шартда иштирокчи жамоаларнинг «шумахерлари» касб маҳоратларини синовдан ўтказишди. Иштирокчи жамоалар ҳайдовчилари “Фориш” полигони ҳудудида жойлашган махсус майдонда ўзларига бириктирилган «Тайфун» зирҳли автомобили билан нишабликда тўхташ, миналаштирилган ҳудуд, устунлар орасидан ўтиш каби қатор элементларни бажаришди. Маълумот учун, "Тайфун" автомобиллари ўқотар қурол ва портловчи моддалардан юқори даражада ҳимояланган зирҳли автомобил-платформа ҳисобланади. Автомобил турли қўшин ва бўлинмалар учун турлича жиҳозланиши мумкин. У 2 тоннагача юк кўтариш ва 10 тагача одам ташиш имконига эга. Автомобиль узунлиги 6,4 метр, кенглиги 2,5 метр, клиренси 0,43 метр ва оғирлиги 13,7 тоннани ташкил қилади. Айни шу ерда тафсилотларга тўхталиб ўтирмай, натижаларга эътибор қаратамиз. Сабаби механик-ҳайдовчилар қандай манёврларни амалга оширганини биз тақдим қилган суратлар орқали тасаввур қилиш қийин эмас.

“Шахсий маҳорат” яккалик баҳсларининг мазкур шартига кўра, биринчи ўринни Россия Федерацияси жамоаси вакили оддий аскар Алдар Арсенов, иккинчи ва учинчи ўринларни Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоасидан кичик сержантлар Зафарбек Рўзметов ва Муҳиддин Тешаев қўлга киритди.
Муҳаммаджон Хўжаев,
Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий
коммуникациялар департаменти ходими.
ЎзА