"АрМИ–2021" халқаро армия ўйинлари доирасидаги «Эльбрус ҳалқаси» мусобақасининг иккинчи босқичида ҳарбий хизматчилар Баксан тоғли дарёсини осма арқон ёрдамида кесиб ўтиш вазифасини бажарди.
Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.
Альпинистлар гуруҳи Терскол тоғ тайёргарлиги ва омон қолиш маркази майдонидан марш юришни бошлаган бўлиб, белгиланган ҳудуддаги тоғ дарёсини осма арқон ёрдамида кесиб ўтишга киришди.
Тоғ дарёсидан ўтиш шартида иккинчи энг яхши натижани Ўзбекистон жамоаси қайд этиб, ўтган йилги кўрсаткичларини янгилади – 7 дақиқаю 19 сония. Қозоғистон жамоаси эса тоғ дарёсини 8 дақиқа 25 сонияда босиб ўтди.

Шунингдек, кичик сержантлар Тўқлиев, Абдулҳамидов ва Ибрагимов мусобақанинг «Тоғ тўсиқлар йўлаги»дан ўтиш шартини 12 дақиқа 58 сонияда уддалаб, рекорд натижани кўрсатди. Мазкур шарт бўйича охирги рекорд 2020 йилда ўрнатилган эди – 14 дақиқа 16 сония.
"Эльбрус ҳалқаси"нинг иккинчи босқичи баллари бўлинмаларнинг Эльбрус атрофида амалга оширадиган 100 километрли марш юришидан кейин ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, «Эльбрус ҳалқаси» мусобақасида Хитой, Россия, Покистон, Қозоғистон, Арманистон, Абхазия, Жанубий Осетия, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳарбий альпинистлар жамоалари таркибида 90 дан ортиқ ҳарбий хизматчи иштирок этмоқда.

ЎзА