Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«АрМИ – 2021»: Артиллериячиларнинг тунги тайёргарлик жараёни
18:43 / 2021-06-03

Халқаро армия ўйинлари сўнгги йилларда иштирокчи мамлакатлар миллий армиясининг куч-қудрати, салоҳияти ва имкониятларини амалда кўрсатиб берадиган майдонга айланди. Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларидан иборат жамоамиз ушбу нуфузли мусобақанинг энг илғор иштирокчиларидан бири.

Албатта, бундай халқаро эътироф ўз-ўзидан эмас. Бунинг замирида аввало, давлатимиз, қолаверса, Мудофаа вазирлиги раҳбарияти томонидан яратилиб берилаётган кенг кўламли шарт-шароитлар, ҳарбий хизматчиларимизнинг ўз устида тинимсиз ишлаши, туну кун тўхтамаётган машғулотлар ётибди.

Ҳозирда Мудофаа вазирлиги қўшинларида Халқаро армия ўйинларига тайёргарлик айни авж палласида. «Артиллерия олови устаси» йўналишида юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган жамоа тунги тайёргарлик машғулотларини ҳам юқори савияда ўтказмоқда.

Якка тартибдаги пойга, тунги спринт ва эстафета синовларини ўз ичига олган мусобақада йигитлар бир-биридан мураккаб шартларни бажаришади. Биз кузатган жараён айнан тунги спринт машғулотлари эди.

– Кундузги синов машғулотларини бажаришда ёруғлик ҳисобига бир қанча устунликларга эга бўламиз, – деди миномёт командири катта лейтенант Жасурбек Эгамбердиев. – Тунги синовлар эса биздан янада сергак, мушоҳадали ва эпчил бўлишни талаб этади. 

Зирҳли техникада белгиланган масофани хатосиз босиб ўтиш, миномёт, ўқотар ҳамда гуруҳ қуроллари ёрдамида нишонларни яксон этишдаги мураккаблик бироз ортади. Бироқ шунга қарамай тайёргарлик жараёнидан, натижаларимиздан кўнглимиз тўляпти. Чунки жамоамиз билан шартларни ўз вақтида, бехато бажаряпмиз. Насиб қилса, Қозоғистон мезбонлик қиладиган мусобақада юқори натижаларга эришамиз.

Ҳа, йигитларнинг шашти баланд, мақсади эзгу. Улар ўзларига билдирилган ишончни оқлаш учун бор имкониятларини ишга солиб, сидқидилдан ҳаракат қилмоқда. Юрт ўғлонлари тунги спринт шартини тугатганида тун яримдан оғиб, янги кун лаҳзаларида нафас олинаётган эди. Ўзбекнинг бу каби мард, жасур ва фидойи фарзандларини кўриб, қалбинг фахрга тўлади.

Таъкидлаш жоиз, «АрМИ – 2021» халқаро армия ўйинларининг «Артиллерия олови устаси» мусобақасига янги танлаб олинган ҳарбий хизматчилардан иборат учта миномёт ҳисоби тайёргарлик кўрмоқда. Ватан шаънини ҳимоя қилиш учун бел боғлаган йигитларимизнинг юзлари ёруғ бўлсин.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ,

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти ходими