“АрМИ – 2019”: Халқаро армия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари тақдирланди
Пойтахтимизда “АрМИ – 2019” Халқаро армия ўйинларида муносиб қатнашиб, совринли ўринларни эгаллаган бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларни тантанали тақдирлаш маросими ўтказилди.
Пойтахтимизда “АрМИ – 2019” Халқаро армия ўйинларида муносиб қатнашиб, совринли ўринларни эгаллаган бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларни тантанали тақдирлаш маросими ўтказилди.
Тантанали маросимда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов нуфузли мусобақа иштирокчиларига миннатдорлик билдириб, бу каби ғалабалар бардавом бўлишини тилади.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳарбий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида Қуролли Кучларимизнинг жанговар шайлиги, халқаро майдондаги нуфузи ортгани алоҳида таъкидланди.

Қайд этиш лозимки, сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинлари шахсий таркибининг жанговар тайёргарлиги, касбий малакасини ошириш ва жанговар топшириқларни аниқ, тезкор бажаришига эришиш учун кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, жанговар тайёргарлик дастурларида аввало, ҳарбий хизматчиларнинг руҳий жиҳатдан чидамли бўлишига эътибор қаратилиб, қўшинлар замонавий турдаги ҳарбий техника ва қурол-яроғ билан таъминланмоқда, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали мукаммал бошқарув тизими такомиллаштирилмоқда.
Жорий йилнинг 3 августидан 17 августигача давом этган “АрМИ – 2019” Халқаро армия ўйинларида 39 та давлатнинг 200 дан ортиқ жамоаси қаторида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари 14 йўналишда, яъни Беларусда “Мерганлик марраси”, Хитойда “Қуролсоз уста” ва “Мусаффо осмон”, Қозоғистонда “Артиллерия олови устаси”, Эронда “Йўл патрули”, Ҳиндистонда “Қўшин разведкаси аълочилари”, Россияда “Танк биатлони”, “Эльбрус ҳалқаси”, “Содиқ дўст”, “Хавфсиз маршрут”, “Дала ошхонаси”, “Ҳарбий ралли”, “Рембат”, Ўзбекистонда “Ҳарбий-тиббий эстафета” мусобақаларида фаол иштирок этди.

Хусусан, Ҳарбий олимпиада дея эътироф этилган Халқаро армия ўйинларининг “Ҳарбий-тиббий эстафета” мусобақасида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси Зимбабве, Қозоғистон, Ангола, Арманистон, Озарбайжон, Россия, Беларусь, Тожикистон, Мьянма, Вьетнам каби мамлакатлар жамоаларини ортда қолдириб, ғолиб бўлди.
Мазкур танловда бир қатор муҳим натижалар қайд этилди. Жумладан, “Индивидуал маҳорат” шартининг тиббий хизмат офицерлари (ҳарбий шифокорлар) ўртасидаги номинациясида Мудофаа вазирлиги тиббий хизмат катта лейтенанти Юнус Назаров биринчи ўринни қўлга киритди. Мусобақанинг тиббий хизмат таркиби учун мажмуавий машқлар босқичида махсус тўсиқлардан ўтиш ва ўз маҳоратини намойиш этиш шартини бажариш учун ватандошимиз тиббий хизмат капитани Бобожон Элмуродов жами 4 дақиқаю 49 сония сарфлаб, рекорд ўрнатди.

Ўтган йили умумжамоа ҳисобида 32 мамлакат ҳарбийлари ўртасида олтинчи ўринни эгаллаган ҳарбийларимиз жорий йил жами 11 йўналишда – 2 та биринчи, 4 та иккинчи, 5 та учинчи ўринни эгаллаб, 5-поғонага кўтарилди.
“Танк биатлони“ мусобақасида жамоамиз илк бор иштирок этган бўлса-да, иккинчи дивизионда фахрли биринчи ўринни эгаллади.
– Халқимиз ишончини оқлаш учун тинимсиз қилган ҳаракатимиз ўз натижасини берганидан хурсандман, – деди “Танк биатлони“ мусобақаси ғолиби, катта сержант Мақсуд Жўраев. – Мазкур мусобақа менда катта таассурот қолдирди. Хорижий давлатлар ҳарбийлари билан тажриба алмашиш имкони бўлди. Келгусида ҳам шу каби натижаларни қўлга киритиб, Ватан байроғини баланд кўтаришга ҳаракат қиламиз.


Тадбирда ҳарбий оркестр мусиқа садолари остида бир гуруҳ ҳарбий хизматларга муддатидан олдин ҳарбий унвон ва эсдалик совғалари топширилди. Мудофаа вазирлиги Марказий ашула ва рақс ансамбли томонидан ижро этилган ҳарбий қўшиқлар гулдастаси барчага завқ улашди.