Арманистонда энди аёллар ҳам армияга чақирилади
Арманистон парламенти навбатдан ташқари йиғилиш ўтказиб, хотин-қизларнинг кўнгилли тарзда армия хизматини ўташ тизимини жорий қилиш бўйича қонун лойиҳасини қабул қилди, деб хабар бермоқда “РИА Новости”.
“18-27 ёшли хотин-қизлар мажбурий олти ойлик ҳарбий хизматни ўтай олади”, – деди мамлакат мудофаа вазири Сурен Папикян.
Қонун лойиҳасига кўра, аёллар чақирув кунигача хизматдан воз кечиши ҳам мумкин.
Хизмат ўқув қисмида ўтади. Бунинг учун аёллар батальони ташкил этилади. Олти ойдан кейин улар беш йиллик шартнома асосида хизматга ўтиши мумкин, деди вазир.
Аввал Арманистон Қуролли кучларида аёллар фақат шартнома асосида хизмат қилган.