Арманистон Туркия билан дипломатик муносабатларни ўрнатишга ҳамда Туркия билан чегараларни очишга тайёр, деб баёнот берди Арманистон ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян.
"Арманистон Туркия билан дипломатик муносабатлар ўрнатишга ва чегараларни очишга тайёр. Мен туркиялик ҳамкасбимдан ушбу йўналишда музокаралар жараёнини олиб боришга сиёсий ирода борлигини эшитишдан хурсандман. Менинг фикримча, биз ҳеч иккиланмасдан ушбу тез ўзгарувчан дунёда аниқ қадамларни ташлашимиз лозим", – дея Мирзояннинг сўзларини келтиради "Анадолу" агентлиги.
Туркия билан Арманистон ўртасидаги муносабатларни яхшилаш жараёни умуман олганда ижобий кечмоқда, деди Арманистон ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян.
"Умуман олганда, ижобий", – деди Мирзоян "Анадолу" агентлиги мухбири саволларига жавоб бера туриб.
Икки мамлакат ўртасидаги юқори даражадаги ташриф бундан 10 йил аввал амалга оширилганини таъкидлар экан, Мирзояннинг баёнот беришича, ўзаро ташрифлар муносабатларнинг яхшиланиш жараёни давом этса ва натижага эришилса амалга оширилиши мумкин.
"Арманистон халқи Туркия билан муносабатларни яхшилаш тарафдори. Бу жамоатчилик фикрини сўраш жараёнида ҳам ўз аксини топди. Албатта, Арманистонда ҳам, Туркияда ҳам ушбу жараёнга ишонқирамай қарайдиган гуруҳлар бор. Мазкур муаммоларни ҳал қилиш учун икки томоннинг юқори лавозимли шахслари сиёсий етакчиликни ўз зиммаларига олиши лозим. Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли билан учрашганимда биз бир қатор масалалар бўйича фикр алмашдик ва умид қиламанки, булар инобатга олинади", – дея таъкидлади у.