Озарбайжон томони ҳозирча тинчлик шартномаси бўйича Ереван таклифининг олтинчи босқичига жавоб бергани йўқ, деб баёнот берди Арманистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Мнацакан Сафарян.
Унинг сўзларини давлатга қарашли “Арменпресс” агентлиги қуйидагича келтирган: “Озарбайжон Арманистон томонининг тинчлик шартномасига тегишли сўнгги таклифига ҳозирча жавоб бермади, қачон жавоб олсак, маълум қиламиз”. Аввалроқ Арманистон ТИВ 21 ноябрда Ереван Бокуга тинчлик шартномаси бўйича навбатдаги пакетни жўнатгани ҳақида хабар тарқатган эди.
2022 йил Ереван ва Боку Россия, АҚШ ва Европа Иттифоқи воситачилигида бўлғуси келишувни муҳокама қилишга киришган. Жорий йил май ойида Бош вазир Никол Пашинян Ереван Озарбайжоннинг собиқ иттифоқ давридаги чегараси бўйича, яъни Қорабоғ билан бирга суверенитетини тан олишга тайёрлигини айтган. Ўз навбатида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев агар Ереван ўз позициясини ўзгартирмаса, Озарбайжон шартномани йил охиригача имзолаши мумкин, деган.