Арманистон парламенти президент Армен Саркисяннинг истеъфо сўраб ёзган аризасини қабул қилди, деб хабар берди парламент спикери матбуот котиби Цовинар Хачатрян РИА Новостига.
"Биз президент мурожаатини олдик", — деди у.
Бундан аввалроқ Саркисян президентлик лавозимидан кетиши ҳақида маълум қилган эди. У ушбу қарорини ички ва ташқи сиёсатга таъсир қилиш воситаси йўқлиги билан боғлаган эди.
Энди янги президент сайлангунга қадар, унинг ўрнини парламент раиси Ален Симонян бажариб туради.
Республика конституциясига кўра, президент ўзининг истеъфоси бўйича аризани Миллий мажлисга тақдим этади. Ушбу мурожаат қонунда ўрнатилган тартибга кўра, эълон қилинган пайтдан бошлаб қабул қилинди, деб ҳисобланади. Навбатдан ташқари сайлов истеъфодан 25 кун ўтгач, лекин 35 кундан кечиктирмасдан бўлиб ўтиши керак.
Арманистонда президент парламент томонидан 7 йиллик муддат билан сайланади. Бир киши ушбу лавозимни фақат бир марта эгаллай олади.
Саркисян 2018 йил 2 мартда республика президенти этиб сайланган эди, дейилади хабарда.