Арманистон Бош вазири коронавирусга учради
Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ижтимоий тармоқдаги шахсий саҳифаси орқали коронавирусга чалинганини эълон қилди.
Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ижтимоий тармоқдаги шахсий саҳифаси орқали коронавирусга чалинганини эълон қилди.
Ўзининг видео лавҳа шаклидаги баёнотида эътироф этишича, Пашинян хасталикнинг ҳеч қандай белгиларини сезмаган. Шундай бўлсада, коронавирусга тест топширишга қарор қилган. «Менинг таҳлилим мусбат чиқди», — деди у.
Пашинян оила аъзолари ҳам зарарланганини қўшимча қилган. Тахминича, вирус унга мулоқотлар чоғида юққан. «Столга стаканларни тарқатиб чиқаётган официант қўлқоп киймаганди. Мен шунга эътибор бердим ва идишларни алмаштиришни сўрадим. Менимча, у аввал ҳам шундай ҳаракат қилган. Бир неча кун ўтгач, ўша йигит коронавирусга чалингани тасдиқланди», — дейди ҳукумат раҳбари.
Арманистон Бош вазири ҳозирча иситмаси йўқлиги ва шу боис уйидан туриб, ўз-ўзини яккалаш тартибида ишлашда давом этишини маълум қилди.
Арманистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, ҳозиргача мамлакатда танасида коронавирус аниқланган фуқаролар сони 9 минг 200 дан ошиб кетган. 3386 киши соғайган ва 130 дан зиёд бемор вафот этган.
Никол Пашинян бугун, яъни 1 июнь куни 45 ёшга тўлди. Арманистон ҳукумати тепасига у 2018 йилда, Ереванда авж олган кўп минг кишилик норозилик намойишлари оқибатида аввалги бош вазир Серж Саргсян истеъфо берганидан сўнг келган.