Арктикада мисли кўрилмаган ҳодиса кузатилди: қиш ўртасида икки денгиз – Баренц ва Кара, деярли музсиз. Бундай ҳолат илгари юз бермаган.
“АзерТАЖ” хабарига кўра, Арктика музининг умумий майдони эса йилнинг шу даврига нисбатан рекорд даражага етган.
Гётеборг университети олимлари фикрича, муз қоплами тез пасайиши бир неча жараён билан изоҳланади. Биринчидан, атмосфера сезиларли даражада исиб, иссиқлик тўлқини қишда ҳам кўп учраяпти. Иккинчидан, океан ҳарорати кўтарилган. Тўғри, океан исиши глобал ҳодиса, аммо Арктикада денгиз авваллари ҳаво ва муз таъсирида совуб турган. Энди эса ҳаво илиқлиги ва муз камлиги сабаб, бунинг имкони бўлмаяпти. Қолаверса, қоронғи сув юзаси қуёш энергиясини ортиқча ўзлаштиради, оч ранг муз эса қуёш нурини акс эттиради.
Учинчи омил – муз юпқалашиб, мўртлашиши, бўрон таъсирида осон ёрилиб, тез эриши. Баъзи ҳудудларда шунчалик юпқалигидан, олимлар ўлчаш мақсадида муз юзасини босишга иккиланмоқда.
Тадқиқотчилар кузда ҳам муз қалинлашиши ғайритабиий даражада секинлашгани, Арктиканинг баъзи ҳудудлари одатдагидан кўра кўпроқ вақт давомида музсиз қолганини таъкидламоқда. Тахминга кўра, 2030 йил Арктика илк бор умуман музламаслиги мумкин.
Дарвоқе, муз чекиниши иқтисодий фаолият, масалан кемачилик, ресурсларни қазиб олиш ва туризм учун қўшимча имконият яратиши мумкин. Барибир, экспертлар давом этаётган жорий ўзгариш узоқ муддатли жиддий экологик оқибатга олиб келиши эҳтимоли юқорилигидан огоҳлантирмоқда.
Г.Сатторова, ЎзА