Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Арк майдонида ноёб экспозиция иш бошлади
12:31 / 2025-05-13

Мозийдан садо

Қадимдан савдо, санъат ва илм-фан бешикларидан бири бўлган кўҳна Бухоронинг эски шаҳар кўчалари бўйлаб юраркансиз, 2500 йилдан зиёд тарихга гувоҳ бўласиз. Савдо гумбазлар, Лаби-Ҳовуз ва Пойи Калон каби улуғвор меъморий ансамбллар, иншоотлар, шунингдек, маҳаллий халқнинг миллий ўзлиги, тарихи, ранг-баранг маданияти, гастрономик салоҳияти, анъаналари сайёҳларни мафтун этиб келмоқда. 

Айниқса, Бухоронинг ташриф қоғози саналган Арк қалъасининг ўрни беқиёс. Бу масканга ҳар йили дунёнинг турли минтақаларидан минглаб сайёҳлар ташриф буюради. Шунга мувофиқ, қўрғон бугун янада кенгаймоқда, янги экспонатлар билан бойимоқда. Маълумотларга кўра, бундан 5-6 йил муқаддам сайёҳларнинг Аркда қолиш вақти ўртача 2-3 соатни ташкил қилган. 2023 йил қалъа ЮНEСКО томонидан қўллаб-қувватланиб, Франциядаги машҳур Лувр музейи олимлари ҳамкорлигида амалга оширилган лойиҳа “Археологик парк” сабаб бу кўрсаткич икки баробарга ортган эди.

[gallery-23302]

– Бухоронинг энг қадимги ёдгорликлардан бири Арк қўрғони ҳисобланади. 1940 йилгача бўлган бинолар сақланиб қолган, ундан кейин қўрғоннинг тўртдан уч қисми вайрон бўлган. Шунингдек, бир қисм бинолар сақлаб қолинган ва ҳозирги пайтда шу биноларда Бухоро музейининг маъмурияти ва экспозициялар жойлашган. Арк археологик зона дейилган ва ҳудудга ўтиш мумкин бўлмаган. Чунки ҳамма томон вайрон қилинган тупроқлардан иборат бўлган ва баъзи иморатларнинг қолдиқлари сақлаб қолинган. Кейинчалик маданий қатламларга зарар етказмаган ҳолда йўлаклар қилинди. Чиройли йўлаклар орқали Арк қўрғонининг уч гектар майдонини бемалол кўриш мумкин. Бухорони бутун атрофини шу ердан туриб кузатиш мумкин, – дейди Бухоро Давлат университети профессори Ҳалим Тўраев.

– Жаҳон тарихида Ўзбекистон ўз мавқейига эга давлат ҳисобланади, –дейди Бухоро Давлат музей-қўриқхонаси директори ўринбосари Жамшид Халилов. – Жаҳон цивилизацияга қўшган ҳиссасини аниқлаш мақсадида, албатта, археология катта ўрин тутади. Бу жиҳатдан мамлакатимизда турли археологик экспедициялар ташкил этилаётганлиги ва булар орқали мамлакатимиз тарихини ёритиб беришга хизмат қилувчи археологик фактлар топилаётганлиги катта эътиборга молик. Масалан, Бухоро вилоятининг ўзида учта археологик экспедициялар фаолият юритади. Булар Россия Давлат эрмитажи, Лувр музейи, АҚШнинг махсус археологик гуруҳлари бу ерда қазишма ишлари олиб бориб, топилган ашёлар асосида музейни экспонатлар билан бойитишга хизмат қилмоқда. Экспонатларнинг бир қисми Франциянинг Лувр музейида ҳамда Берлиндаги кўргазмаларда намойиш қилинди. 

Эътиборли томони, Арк қалъаси тўрт даврни ўзида бирлаштирган. Антик даврдан тортиб, эрамизнинг IV-VIII, IХ-ХIII ва ХIV-ХХ-асрлар тарихини алоҳида жамлаган бундай масканлар дунёда саноқли. Аммо, янги лойиҳа сабаб, Бухоро давлат музей-қўриқхонаси Тарих илмий бўлимида “Бухоро воҳасининг қадимги ва ўрта асрлар тарихи” номли кўргазма зали янги мингдан ортиқ экспонатлар билан бойиди. Бу эса сайёҳларнинг катта қизиқишига сабаб бўлмоқда.

– Ўзбекистонга биринчи бор келишим, – дейди италиялик сайёҳ Симонента Росси. – Бугун Арк қўрғонига келдим. Жуда ҳам муҳташам сарой. Бу ерда сақланаётган ҳар бир экспонатни диққат билан кузатдим. Жонли тарих қаршисида тургандек бўлдим. Айниқса, фаолият бошлаган янги бўлимда нафақат Бухоро воҳаси, балки бутун инсоният барча ривожланиш босқичлари жамлангандек. Бундай буюк тарихга эга мамлакатда бўлиб турганимдан жуда хурсандман ва бу жойга яна такрор келишни ният қилдим. 

Янги кўргазмада Бухоро воҳасида ибтидоий даврдан бошлаб, қадимги саклар, ахмонийлар ва греклар, араблар, Мўғуллар ва Темурийлар давригача бўлган бир қатор ноёб экспонатлар ўрин олган. 

Ҳозирда кўргазмаларда 10-12 мингта экспонатни намойиш қилиш мумкин. Демак, ҳали қўрғонда ишга солинмаган имкониятлар талайгина. Бу билан сайёҳлар оқимини икки миллионгача етказиш, Бухорода қолиш кунларини эса узайишини таъминлаш борасида режали ишлар олиб борилмоқда. 

  Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.