Қарийб 11 килограмм соф олтиндан ясалган тоштобутни қайси қадимшунос топганини биласизми?
Халқ орасида навоийхон номини олган манбашунос, фашистлар Германияси устидан ғалаба қозонилган кун, Тошкентдаги Хотира ва қадрлаш майдони ва 9 май санаси билан боғлиқ бошқа муҳим маълумотлар.
Халқ орасида навоийхон номини олган манбашунос, фашистлар Германияси устидан ғалаба қозонилган кун, Тошкентдаги Хотира ва қадрлаш майдони ва 9 май санаси билан боғлиқ бошқа муҳим маълумотлар
ЎЗБЕКИСТОН ТАРИХИДА
1865 йил (бундан 155 йил олдин) – Қўқон хонлигининг амирлашкари Алимқул қўмондонлигидаги қўқонлик аскарлар ва Тошкент шаҳри ҳимоячилари Шўртепадаги генерал Черняев бошлиқ рус қўшинларига қарши ҳужумга ўтди. Ниҳоятда қаттиқ жанг бўлиб, Алимқул оғир яраланди ва ўша куни вафот этди. 10 майда у Тошкентдаги Шайхонтоҳур қабристонига дафн этилди.

Ҳимоячилар ўртасида парокандалик ва ваҳима бошланди. Қўқон хонлиги аскарлари Алимқул хазинасини олиб ўз юртларига жўнаб кетдилар. Тошкентда Қўқон хонлигининг 60 йиллик ҳукмронлиги барҳам топди.
1882 йил (бундан 138 йил олдин) – Боқий тахаллуси билан ижод қилган ўзбек адабиётшуноси, манбашунос, шоир Мирзаабдулла Насриддинов таваллуд топди (вафоти – 1967 йил). У шарқ мумтоз адабиётини чуқур билган, халқ орасида навоийхон, бедилхон деган ном олган. Навоий асарларини эски ўзбек ёзувидан янги ёзувга ўтказишда кўмаклашган.
1932 йил (бундан 88 йил олдин) – актёр ва режиссёр, Ўзбекистон халқ артисти Санъат Девонов (вафоти – 2016 йил) таваллуд топди. У театрда 150 дан ортиқ роль ижро этган. Кинода “Мафтунингман” фильмидаги Шариф роли билан машҳур. Санъат Девонов 2001 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.
1945 йил (бундан 75 йил олдин) – физик олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Беҳзод Йўлдошев таваллуд топди. У 2000–2005 йилларда ҳамда 2017 йилдан ҳозирги вақтга қадар Ўзбекистон Фанлар академияси президенти лавозимида фаолият юритмоқда. 400 дан ортиқ илмий ишлар, жумладан 20 дан ортиқ ихтиролар муаллифи. Беҳзод Йўлдошев – “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган, “Ўзбекистон Республикаси фан арбоби” фахрий унвони соҳиби.
1979 йил (бундан 41 йил олдин) – Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги “Олтиариқ” санаторийси ишга тушди.
1999 йил (бундан 21 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасида биринчи бор 9 май Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонланди. Тошкентда Ватан озодлиги учун жон фидо этган халқимиз фарзандлари хотирасини абадийлаштириш мақсадида барпо этилган “Хотира ва қадрлаш майдони”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Майдонда “Мотамсаро она” ҳайкали ҳамда хиёбоннинг шимолий ва жанубий томонида қад кўтарган айвонлар токчаларида Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ўзбекистонлик барча жангчиларнинг исм-шарифи битилган металл токчалар ўрнатилди.
2001 йил (бундан 19 йил олдин) – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Хоразм вилоятининг Боғот, Жиззах вилоятининг Зафаробод, Мирзачўл, Дўстлик туманларида, Навоий вилоятининг Хатирчи туманида, Гулистон шаҳрида Хотира хиёбонлари барпо этилди.
ЖАҲОН ТАРИХИДА
Милоддан аввалги 53 йил (бундан 2073 йил олдин) – Парфия билан Рим қўшинлари ўртасида Карри жанги бўлиб ўтди. Рим қўшинларига Марк Красс қўмондонлик қилди. Парфияликлар саркардаси Сурена душманга қарши чиқишга пухта тайёргарлик кўрди. Жанг охирида римликларнинг барчаси яксон этилди ёки асир олинди. Красс 10 майдаги музокаралар вақтида ўлдирилди. Унинг кесиб олинган боши ҳарбий ўлжа сифатида шоҳ Ород II га жўнатилди.
1800 йил (бундан 220 йил олдин) – АҚШ қоратанли қулларини озодликка чиқариш ҳаракати раҳбарларидан бири Жон Браун (вафоти – 1859 йил) дунёга келди. У 1859 йил бутун дунё қулларининг қўллаб-қувватлашига ишониб қўзғолонга бошчилик қилди. Ўзининг 18 кишилик отряди билан қулдорликка асосланган Виргиния штатидаги Харперс-Ферри қурол-аслаҳахонасини эгаллади. Ҳукумат қўшинлари унинг отрядига зарба бериб, оғир яраланган Браун замбилда судга келтирилди. Суд ҳукми билан Чарлстонда дорга осилди.
1873 йил (бундан 147 йил олдин) – инглиз археологи Говард Картер дунёга келди (вафоти – 1939 йил). У 1891 йилдан Мисрдаги Тель-Амарна ва бошқа жойларда археологик қазишма ишлари олиб борди. 1902 йилдан Подшоҳлар водийсида қазишмалар ўтказди. 1922 йилда милоддан аввалги XIV асрга оид фиръавн Тутанхамон мақбарасини очди, ундан фан учун ниҳоятда қимматли хазиналар – санъат ёдгорликлари топилган.

Мақбара ўғри-қароқчилар томонидан таланмаган. Ундан Тутанхамоннинг олтин саркофагидан ташқари, ёш фиръавн тириклигида яхши кўрган санъат асарлари ва унинг қурол, буюмлари: олтин ниқоби, рафиқаси Анхесенпаатоннинг тасвири, фиръавн 2 ғилдиракли жанг араваси устида акс эттирилган ҳайкалча, олтин, ганч, қора ва қизил ёғочлардан ишланган ҳайкалчалар, ўқ-ёй, ханжар, қутича, ўриндиқ ва бошқа буюмлар топилган. Бу ноёб санъат асарлари жаҳоннинг кўпгина мамлакатларида намойиш этилган.
1911 йил (бундан 109 йил олдин) – рус радиофизиги Борис Розинг ўзи биринчи бўлиб яратган нур таратувчи электрон трубкани cинаб кўрди. Бу билан ҳозирги замон телевидениесига назарий асос солинди.
1945 йил (бундан 75 йил олдин) – фашистлар Германияси устидан ғалаба қозонилган кун сифатида тарихда қолди.
1950 йил (бундан 70 йил олдин) – Франция ташқи ишлар вазири Роберт Шуман ўз нутқида Ғарбий Европада кўмир ва пўлатни бирлашган ҳолда ишлаб чиқаришни яратиш ғояси билан чиқди. Бу кун Европа Иттифоқининг “Туғилган куни” деб ҳисобланди ва “Европа куни” деб нишонланадиган бўлди.
1955 йил (бундан 65 йил олдин) – Германия Федератив Республикаси НАТО таркибига кирди. Бунга жавоб сифатида Совет Иттифоқи 1944 йилдаги совет-француз шартномасини бекор қилди.
2018 йил (бундан 2 йил олдин) – Кениянинг Субукиа туманидаги “Пател” тўғонининг ўпирилиши оқибатида 48 киши ҳалок бўлди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ