Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ариқларнинг аҳволи юзасидан ЎзАда мақола эълон қилингач, чиқиндилар тозаланди
22:28 / 2022-05-13

Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги сайтида жорий йилнинг 11 май куни эълон қилинган “Бу беписандликми ёки беэътиборлик: нега ариқлар сув билан эмас, чиқиндилар билан тўлмоқда?" номли мақола юзасидан Бектемир тумани ҳокимлиги расмий муносабат билдирди.

“Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги мухбири Нигора Раҳмонованинг “Бу беписандликми ёки беэътиборлик: нега ариқлар сув билан эмас, чиқиндилар билан тўлмоқда? деб номланган мақоласида Бектемир туманидаги «Миришкор» ҳамда «Зилола» маҳалласидаги кўпқаватли уйлар, шунингдек, 293 ва 291-мактаблар атрофидаги йўлак четидаги ариқлар ичи майда чиқиндилар билан тўла эканлиги ҳақида айтиб ўтилган.

Биз шуни маълум қиламизки, Бектемир тумани ҳокимлиги ушбу мақолада тилга олинган мавзени ўрганиб, ёмғирли мавсумда ҳудуддаги ариқлар сув билан тўлиб, чиқиндилар бошқа жойлардан оқиб келиб, чуқурликларга тиқилиб қолганлиги маълум бўлди.

Туман ободонлаштириш бошқармасига мурожаат қилганимизда, улар марказий кўчалар, бинолар жойлашган жойнинг юза қисмини тозалашлари, аҳоли истиқомат қиладиган ҳудуднинг ичкари қисми, ариқлар ичини тозалаш уларнинг хизмат вазифасига кирмаслигини маълум қилди. 

Шунга қарамасдан маҳалла раислари бошчилигида ободонлаштириш бўлими ходимлари, жамоат ишчилари, маҳалла фаоллари билан биргаликда ҳашар йўли билан ариқлар тозаланди. Чиқиндилар билан боғлиқ ҳолатлар бартараф этилди. Аҳолига атроф-муҳитни ифлослантирмаслик, экологияга зарар келтирмаслик ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилди.

Биз туманимиз аҳолиси вакилларидан шуни илтимос қиламизки, ҳар бир фуқаро ўзи яшаётган ҳудуд озодалигига масъулият билан ёндашиши, маиший чиқиндиларни махсус идишларга ташлашларини сўраймиз. Зеро, экология ҳамда атроф-муҳит озодалиги ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.

Бектемир тумани ҳокимлиги Матбуот хизмати.

ЎзА