Оммавий ахборот воситаларида “Президент топшириғи республика бўйлаб нотўғри амалга оширилмоқда” номли сарлавҳа билан мақола эълон қилинди. Унда “Сувни тежаш мақсадида бетонланиши буюрилган ариқларни масъуллар дарахтлари билан бирга бетонлаб юборяпти”, дея таъкидланган.
Мақолада кўтарилган масала ҳақиқатдан ҳам долзарб. Бир томонда кўп ҳолатда дарахтлар айнан ариқ бўйларида экилганлиги, иккинчи томонда сувни иқтисод қилиш бугунги давр талаби эканлиги инобатга олинса, мавзу қанчалик долзарб эканлиги аён бўлади. Бу ҳолатда қандай йўл тутиш керак? Ҳақиқатдан ҳам ариқларни бетонлаштирилиши флора ва фауна дунёсига салбий таъсир этадими? Ушбу саволларга жавоб излаш мақсадида экологлар, соҳа олимлари, сув хўжалиги мутахассислари ва ОАВ вакиллари иштирокида Сув хўжалиги вазирлигида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда журналистларнинг бу борада берилган саволларига жавоб қайтарилди.
Сув ресурслари йўқотилиши ички суғориш тармоқларида юқори бўлганлиги боис, яъни 30-35 фоиз сувни фильтрация ҳисобига сизиб кетишини олдини олиш мақсадида республикамизнинг барча ҳудудларида кластер ва фермер хўжаликлари томонидан ариқларни бетонлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Мазкур мақолада дарахтларнинг тагини бетонлаб кетиш ҳолатлари асосан, кластер ва фермер хўжаликларининг ички ариқ ва суғориш тармоқларида кузатилаётганлиги кўрсатиб ўтилган. Анжуманда бундай ачинарли ҳолатларнинг олдини олиш учун жойларда вазирлик томонидан маҳаллий ҳокимият органлари билан ҳамкорликда амалий семинарлар ташкил этилаётгани ва бетонлаш ишларини бажараётган ҳашарчиларга зарурий тавсия ва кўрсатмалар бериб борилаётгани таъкидланди.
- Катта каналларимизни, туманлараро, вилоятлараро каналларимизни ва уларнинг атрофини бетонлаштириш ёки буни қуришнинг техник-меъёрий ҳужжатлари бор, - дейди Тошкент Давлат Аграр университети кафедра мудири Мансур Холмуродов. – Мана шу ҳужжатлар асосида, яъни буни ўлчамлари, меъёрлари бор ва уни ҳимоя зонаси ва экиладиган дарахт турлари бўйича ишлар ишлаб чиқилган. Масалан, бетонланмайдиган ариқларга экиладиган дарахт турлари бор, бетонланадиган ариқлар атрофига бошқа турдаги кўчатлар экилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2023 йил 29 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишда суғориш тармоқларида сув йўқотишларини кескин камайтириш мақсадида 2024 йил “каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил” деб эълон қилинганди.
Мазкур йиғилишда сув хўжалигидаги энг долзарб муаммоли масаллардан бири бўлган каналларда ортиқча сувнинг йўқотилишига алоҳида эътибор қаратилиб, каналларни бетонлаштириш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берилган.
Бу борадаги вазифаларни амалга ошириш мақсадида 2024 йилда Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги ташкилотлар ҳисобидаги 1 минг 500 километр, яъни 2023 йилга нисбатан 4 баробар кўп магистрал ва хўжаликлараро каналларни бетонлаш ҳамда 2025 йилда камида 2 минг километр каналларни бетонлаш вазифаси белгилаб берилган.
Тасдиқланган техник топшириққа мувофиқ, объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари тегишли лойиҳа ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилгандан сўнг, буюртмачи ва эксплуатация ташкилотлари ҳамда вазирликнинг Тармоқ илмий-техник кенгаши томонидан кўриб чиқилади. Бунда, лойиҳалаштирилган объектлар бўйича атроф-муҳитга таъсир кўрсатилиши ҳамда экологик оқибатлар тўғрисидаги баёнот лойиҳаси ишлаб чиқилгандан сўнг Экология, атроф-муҳитни моҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги органларининг Давлат экологик экспертиза хулосаси олинади.
<iframe width="866" height="487" src="https://www.youtube.com/embed/fUq6QkiMrms" title="Ariqlarni betonlashtirish ishlari toʻgʻri bajarilyaptimi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Санжар Тошпўлатов,
Дониёр Якубов,
Анвар Аҳмедов, ЎзА