Аргентина ҳукумати мансабдор шахслар ва уларнинг оила аъзолари шахсий самолётда парвоз қилишини тақиқловчи қоида жорий этмоқда. Бу ҳақда мамлакат Президенти Хавьер Милей жума куни парламент мажлиси очилишидаги нутқида айтган.
– Аргентина расмийлари энди хизмат сафари чоғи парвоз учун ҳисобланадиган бонусдан ҳам маҳрум бўлади, – деди етакчи. – Тез орада Фуқаро авиацияси миллий маъмурияти сиёсатчилар ёки уларнинг қариндошлари, қатъий расмий ҳолатлар бундан мустасно, шахсий самолётдан фойдаланишига йўл қўймаслик учун янги қоида жорий қилади.
Маҳаллий “Cadena-3” нашри маълум қилишича, Аргентина Президенти яна бир бор ҳукумат аъзолари ва унинг ўзи мунтазам равишда тижорат рейсларида парвоз қилаётганини таъкидлаган. Февраль ойида давлат раҳбари президент аэропарки самолётидан фойдаланиб, фақат Корриентес музофотидаги либертар клуб юбилейига ташриф буюрган.
2023 йил 10 декабрда президентлик лавозимини эгаллаган Милей илк маърузасида мамлакатдаги вазиятни ўта оғир дея баҳолаб, иқтисодиётда зарур чоралар кўрилишини таъкидлаган. Либертар сиёсатчи давлатнинг иқтисодиётга имкон даражасида кам аралашуви, соҳани долларлаштириш, инфляцияни жиловлаш учун Аргентина Марказий банкини бекор қилиш ва барча давлат компанияларини хусусийлаштириш тарафдори.