Исроил армиясининг Фаластинда олиб бораётган ҳарбий амалиётидан халқаро ҳамжамият чуқур хавотирда. Жумладан, Аргентина, Бразилия ва Мексика қўшма баёнотида Исроил зудлик билан Фаластиндаги ҳарбий ҳаракатни тўхтатиш, зўравонликка барҳам беришга чақирилган.
– Аргентина, Бразилия ва Мексика исроиллик ҳарбийлар Фаластин ғарбидаги Женин шаҳрига бостириб киргани ва кенг кўламли амалиёт ўтказаётгани ҳақидаги хабарни хавотир билан қабул қилди, – дейилади Мексика ТИВ тарқатган ҳужжатда. – Уч давлат ҳукумати ҳалок бўлганлар оила аъзоарига чуқур ҳамдардлик билдириб, зўравонлик авж олмаслиги учун томонларни зудлик билан ҳарбий ҳаракатни тўхтатишга чақиради. Зеро, бундай амалиёт оддий аҳоли орасида қурбон кўпайиши, аҳоли уйини тарк этиши ва шаҳар инфратузилмаси вайрон бўлишига олиб келади.
“Исроил ўзаро келишилган чегара асосида муносабат олиб боришда халқаро ва гуманитар ҳуқуқни ҳурмат қилиши лозим”, – дейилади Лотин Америкасининг ушбу уч давлати имзолаган ҳужжатда.
Душанбага ўтар кечаси Исроил армияси Женинда кенг кўламли аксил террор амалиёти бошлагани ҳақида хабар тарқалди. “РИА Новости” хабарида “биринчи кун жангарилар инфратузилмасига самолётда зарба берилган, шаҳарга армия киритилган. Шундан сўнг ҳарбийлар ва фаластинликлар ўртасида тўқнашув бошланган. Амалиёт давомида 12 фаластинлик, жумладан, беш нафар бола ҳалок бўлгани айтилмоқда. 100 дан зиёд одам жароҳатланган.
С.Раҳимов,
ЎзА