Ҳарбийларнинг ҳомийлик хайриялари
Ушбу маҳсулотлар марказ ва кўнгилли ҳарбий хизматчилар томонидан Нукус шаҳридаги Қумовул маҳалласида истиқомат қилаётган ва кам таъминланган 13 оилага дезинфекция талабларига риоя этган ҳолда тарқатиб берилди.
Халқимизга хос бўлган инсонпарварлик, одамийлик, меҳр-мурувват, айниқса, бугун мамлакатимиз ва фуқароларимиз бошига оғир синовлар тушганда намоён бўлмоқда. COVID-19 коронавирус пандемияси дунёнинг 185 дан ортиқ мамлакатини қўрқув исканжасига олиб, бизга мушкул синовларни юбораётган бир пайтда муҳтож бўлган юртдошларимизга халқимиз бирлашиб, биргаликда ёрдам қўлини узатмоқда.
Куни кеча Шимоли-ғарбий ҳарбий округининг Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмлардан бирининг ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Нукус шаҳар ҳомийлик хайрияларни мувофиқлаштириш марказига муҳтож оилалар учун бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.

Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати ЎзАга маълум қилди.
Ушбу маҳсулотлар марказ ва кўнгилли ҳарбий хизматчилар томонидан Нукус шаҳридаги Қумовул маҳалласида истиқомат қилаётган ва кам таъминланган 13 оилага дезинфекция талабларига риоя этган ҳолда тарқатиб берилди.

– Ҳарбий хизматчиларимиз ташаббуси билан 13 оила учун 3 килодан картошка, сабзи, пиёз, 1,5 килодан гуруч ва ун маҳсулотлари ҳамда кунгабоқар ёғи кўнгилли равишда ҳомийлик хайрияларни мувофиқлаштириш марказига тақдим этилгач, кам таъминланган оилаларнинг уйларига тарқатиб берилди. Карантин вақтида уйида ўтирган юртдошларимизнинг соғлиғини сақлаш ва уларга амалий ёрдам беришга биз, ҳарбий хизматчилар ҳам доим тайёрмиз, – дейди ҳарбий қисм командирининг ўринбосари подполковник Абдувоҳид Бозоров.
Коронавирус пандемияси юртимизга кириб келиши ва ундан кейин жорий этилган карантин чоралари вақтида инсонпарвар юртдошларимиз, давлат ва жамоат ташкилотларининг ташаббуси билан нуронийлар, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилаларга хайрия тариқасида бирламчи озиқ-овқат маҳсулотларини улашиш халқимизнинг нақадар инсонпарварлигини кўрсатиб келмоқда. Таъкидлаш жоизки, яқинда Мудофаа вазирлиги тизимида хизмат қилиб келаётган ҳарбий хизматчилар ихтиёрий равишда бир кунлик иш ҳақларини мамлакатимизда коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида ташкил этилган “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига беғараз ўтказиб беришган эди.