Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳарбийларимиз Германия Бундесвери академиясининг икки йиллик курсларида таҳсил олди
06:50 / 2020-07-28

Мазкур курс Қуролли Кучлар, Ҳарбий флот раҳбар кадрларини тайёрлаш ва малакасини оширишга йўналтирилган бўлиб, унда дунёнинг 47 давлатидан 63 ҳарбий офицер қатнашди.


Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги офицерлари – майор Санжарбек Ҳотамов ва майор Шавкат Бойхонов Ҳарбий таълим соҳасида Ўзбекистон-Германия ҳамкорлик дастури доирасида 2018 йил ноябридан 2020 йилнинг июлига қадар Германияда ташкил этилган ўқув-амалий машғулотлар курсида иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Ўқув курси Хюрт шаҳрида жойлашган Германия Федерал муассасаси қошида немис тили бўйича билимларни янада такомиллаштириш билан бошланди. Бу жараёнда немис халқининг маданияти, анъаналари ва ҳаёт тарзига ҳамда Германия тарихи, ҳозирги сиёсий ва ижтимоий тузилиши, қонунчилиги, иқтисодий ва илмий-техникавий салоҳиятига алоҳида эътибор қаратилди. Шу йўналишдаги тегишли давлат идораларига ҳамда ташкилот, муассаса ва корхоналарга ташриф уюштирилиб, учрашувлар ва давра суҳбатлари ўтказилди. Жумладан, Федерал Мудофаа вазирлигига бўлган ташриф чоғида Германиянинг ҳарбий соҳадаги имкониятлари, тузилиши ва бошқарув тизими билан яқиндан танишилди.

Харбийлар.jpg

Ўқувнинг навбатдаги босқичи Гамбург шаҳридаги Германия Бундесвери Раҳбар кадрлар академиясида давом эттирилди. 1957 йилда ташкил этилган мазкур академия Германия Қуролли Кучларининг асосий ўқув муассасаси сифатида бой тажрибаси ва салоҳияти билан дунёда етакчи ўринда туради. Академия нафақат Германия, балки Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзо давлатлар ҳамда ҳамкор мамлакатларнинг истиқболли раҳбар ҳарбий кадрларини ҳам ўқитиш ва малакасини ошириш билан шуғулланади.

Мазкур курс Қуролли Кучлар, Ҳарбий флот раҳбар кадрларини тайёрлаш ва малакасини оширишга йўналтирилган бўлиб, унда дунёнинг 47 давлатидан 63 ҳарбий офицер қатнашди.

Ҳамюртларимиз курс давомида қўйилган вазифаларни муваффақиятли амалга ошириб, «Тезкор тактик махсус қўшинлар ва жанговар бўлинмаларни бошқариш бўйича етук мутахассис» даражасини берувчи халқаро диплом билан тақдирланишди.

— Биз қатнашган курснинг муҳим жиҳатларидан бири иштирокчиларнинг нафақат ҳарбий, балки ҳарбий-сиёсий соҳадаги билим ва савияларини оширишга ҳам муҳим эътибор қаратилганидир, — деди майор Шавкат Бойхонов. — Кўплаб семинар ва тренингларда халқаро ҳарбий можароларнинг олдини олиш, миллатлараро ҳарбий ҳамкорлик, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, халқаро ҳуқуқ ва бошқа долзарб масалалар бўйича батафсил маълумотлар берилди.

Таъкидлаш жоиз, Германияда ташкил этилган мазкур ўқув курсида Ўзбекистон вакилларининг иштироки мамлакатимиз офицер кадрларни дунёнинг ривожланган давлатлари нуфузли олий таълим муассасаларида ўқитиш ва малакасини ошириш орқали Қуролли Кучлар олдига қўйилган вазифаларнинг бажарилишини таъминлашга хизмат қилади.

—Ўқиш жараёнида дивизия, бригада ва батальон бўлинмаларида турли лавозимларда фаолиятни ташкил этиш, тактик усулларнинг қўлланилиши бўйича назарий ва амалий машғулотларда иштирок этдик, — деди майор Санжарбек Ҳотамов. — Шунингдек, дала шароитида кадрларнинг профессионал даражасини янада оширишга йўналтирилган барча қўшин турлари иштирокида замонавий усулда ташкил этилган амалий ўқув-машқларда қатнашдик. Бундесвернинг танк дивизиясида амалиёт ўтадик, Германия ва унга қўшни мамлакатлар иштирокида тузилган кўп миллатли бўлинма фаолияти билан яқиндан танишдик.

Курс давомида орттирган назарий, амалий билим ва тажрибаларимизни келгуси фаолиятимизда қўллаш ва ўз ҳамкасбларимиз билан ўртоқлашган ҳолда, Ўзбекистон Қуролли Кучларини янада тараққий эттиришга сафарбар этамиз.​