Ҳарбий спортчилар Президент номидан тақдирланди
Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти ЎзАга маълум қилди.
Мудофаа вазирлигида мамлакатимизни спорт орқали дунёга танитишда эришган юқори натижалари, Қуролли Кучлар нуфузини оширишга қўшган муносиб ҳиссаси учун Мудофаа вазирлиги спорт клубининг бир гуруҳ спортчилари ва мураббийлари Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони номидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти ЎзАга маълум қилди.
Тантанада Мудофаа вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти иштирок этди.
Таъкидлаш керакки, жорий йилда Мудофаа вазирлиги спорт клуби вакиллари эришган ютуқлар ҳар қанча эътирофга арзигулик. Жумладан, навбатдаги “лейтенант” ҳарбий унвони топширилган контракт бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Бектемир Мелиқўзиев жорий йилда АҚШда бок бўйича профессионаллар ўртасида ташкил қилинган учта жанг ғолиби бўлди. Худди шундай навбатдаги “лейтенант” ҳарбий унвони топширилган контракт бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Миразизбек Мирзахалилов Хитой Халқ Республикасида ҳамда бошқа бир қатор халқаро нуфузли чемпионатларда ғолибликка эришди.
Қуролли Кучлар хизматчилари, таэквондочи Никита Рафалович ва Адҳамжон Эргашев бир неча халқаро турнирлар ғолиби, жаҳон чемпионати совриндори бўлиш баробарида 2020 йили Японияда ўтказиладиган Олимпия ўйинларида иштирок этиш учун лицензияни қўлга киритган.
Мудофаа вазирлиги спорт клуби фаоли Нигора Турсунқулова эса жорий йилнинг ўзида “Катта дубулға” таснифидаги халқаро турнирнинг бронза медали совриндори, “Туркиш опен” ҳамда “Россия опен” халқаро турнирларининг ғолиблигига сазовор бўлган.
Майор Анвар Муқимов эса жиу-житсу спорт тури бўйича жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритиб, Ўзбекистон тарихида илк жаҳон чемпиони бўлди. Шунингдек, ҳарбий спортчиларнинг кўпчилиги Ухан шаҳрида бўлиб ўтган VII умумжаҳон ҳарбий ўйинлари ғолиблари сафидан ўрин олган.
Мудофаа вазирлиги спорт клуби аъзолари 2019 йил давомида республика ва халқаро миқёсдаги чемпионат ҳамда мусобақаларда, жами 800 та медални қўлга киритган, шундан 265 таси халқаро турнирларда эришган ғалабалари натижасидир.
Нафақат юртимизда, балки халқаро майдонда ҳам тан олинган спортчилар бир дастурхон атрофида юқоридаги воқеаларнинг гувоҳи бўлиб ўтирган пойтахтимиздаги 102-махсус мактаб интернат ўқувчиларига ўзларининг совғаларини топширдилар.
Янги йил арафасида берилган совғалар болажонларнинг кўнглини хушнуд қилди. Айниқса, ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналаридан иборат китоблар жамланмаси уларни шод қилди. Тантаналардан сўнг ўқувчилар учун Мудофаа вазирлиги спорт клубида байрам тадбири ташкил қилинди.