Қонунчилик палатаси сайловини аралаш сайлов тизими асосида ўтказиш тартибини ўз ичига олган Конституциявий қонун лойиҳаси шу йил 25 октябрга қадар кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Мазкур қонун лойиҳасида парламентда аёлларнинг ўрнини мустаҳкамлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
— Сўнгги йилларда раҳбарликда ва парламентда аёлларнинг ўрнини оширишга жуда катта эътибор қаратилди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Умида Раҳмонова. — “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси билан Сайлов кодексига киритилаётган ўзгартишларда ҳам сайловларда аёлларнинг ўрнини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Яъни, номзодларнинг учдан бир қисми аёллар бўлиши керак, деган масала қўйиляпти.
Бугунги кунда ҳам парламентимизда аёлларнинг ўрни юқори. Яъни, ҳозирда парламент вакилларининг 32,7 фоизи аёллардир. Ўзбекистон парламентда аёлларнинг ўрни бўйича 190 та мамлакат ичида 37-ўринда туради. Бу борада Германия, Россия, АҚШ, Япония каби мамлакатлардан олдинги ўринларда туради. Бу жуда яхши кўрсаткич. Бугунги кунда парламентдаги аёллар қонунларни такомиллаштириш, қонунчилик ташаббусларини илгари суриш, жойларда сайловчилар билан учрашувларда муаммоларни ҳал этишда фаол иштирок этмоқда.
Парламентда аёлларнинг ўрни борасидаги кўрсаткичларни янада ошириш ва қонунларда мустаҳкамлаш мақсадида мазкур қонун лойиҳасида тегишли нормалар белгиланган.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/W9wtgSFJ30k" title="Аралаш сайлов тизимида аёлларга оид квота қандай таъминланади?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Хусусан, пропорционал сайлов тизимида сиёсий партиялар томонидан 75 тадан 100 тагача номзод кўрсатилиши мумкин. Аёлларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш мақсадида партиялар рўйхатидаги кетма-кетликда ҳар учта номзоддан биттаси аёллар бўлиши кераклиги белгиланмоқда. Яъни, номзолар рўйхатининг аввалида эркаклар, охирида аёллар эмас, балки аралаш тартибда жойлаштирилиши лозим. Бу ҳам юртимиз хотин-қизларига берилаётган бир имкониятдир.
Муҳтарама Комилова, Дониёр Ёқубов (видео), ЎзА