Хорижий илғор тажрибани ўрганиш ва икки томонлама дўстона ҳамкорлик алоқасини ривожлантириш мақсадида жорий йил февралда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети делегациясининг Жазоир Халқ Демократик Республикасига сафари чоғида беш олийгоҳ билан англашув меморандумлари имзоланган.
Жумладан, ЎзДЖТУ ва Ал-Вади (Эл-Оуед) университети ўртасидаги келишувга мувофиқ, илк бор араб тилини ўрганаётган уч нафар талабамиз ўқитувчиси раҳбарлигида ушбу мамлакатга жўнаб кетган. Муносиб кутиб олинган талаба ёшлар олийгоҳ турар жой биносига киришда хурмо ва сут билан қарши олингани, айниқса, икки томонлама шерикликнинг ижобий динамикасини намойиш қилди, дейиш мумкин.
Ташриф доирасида талабалар, айнан, турар жой бинолари, у ерда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. Икки нуфузли олий ўқув юрти талабалари дўстлашиб, ўзаро муносабат ўрнатишди. Араб тилида ютуқларга эришиш энг юксак мақсадларимиздан бири экани алоҳида эътироф этилган.
Сафар мобайнида талабалар араб тили дарсларида иштирок этди, университет кутубхонасида шуғулланди, шунингдек, маҳаллий аҳоли шеваси, тарихий обидалари, одат ва маданиятидан бохабар бўлишди.
Қайд этиш керак, делегациямиз таълим муассасаси ўқув жараёни якунланиши олдидан араб тилини ўрганиш бўйича биринчи марта белгиланган муддат мобайнида ўрганувчи гуруҳ ҳисобланади. Маълум қилинишича, келгуси ўқув йили бошида араб тилини ўрганиш, ушбу тил орқали ўзаро муносабат ва билим эгаллаш мақсадида жалб этиладиган талабалар сони 20 нафарга етказилади.
Эслатиб ўтамиз, Ал-Вади университети ЎзДЖТУ билан илмий изланиш ва араб тили ўқитишда талабалар алмашинуви бўйича икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида шартнома имзолаган. Мазкур ҳужжат Ал-Вади ректори, профессор Умар Фарҳатий ва Ўзбекистон университети халқаро ҳамкорлик бўйича проректор, доктор Абиджанов Алишер томонидан тасдиқланган эди.
Б.Худойбердиев, ЎзА