БАА ахборот агентлиги “WAM” хабар беришича, Дубайда бўлиб ўтаётган “Араб саёҳат бозори” (“Arabian Travel Market”) халқаро кўргазмасида Ўзбекистондан ҳам 300 га яқин иштирокчи қатнашди.
Мамлакатимизнинг БААдаги элчиси Абдулазиз Оққулов мазкур тадбир 2023 йилнинг туризм бўйича энг муҳим кўргазмалардан бири эканини таъкидлаб, “Ўзбекистон вакилларининг иштироки соҳадаги яқин ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир” деди. У икки давлат ўртасида ҳаво қатновини кўпайтириш мақсадида турли компаниялар ўртасида узвий музокара олиб борилганига тўхталди.

Дубай ва Шимолий Амирликлардаги Бош консулимиз Алишер Саломов “Араб саёҳат бозори” юртимиз бозори учун муҳим платформа эканига урғу берди. Дипломат қўшимча қилишича, беш йил аввал БАА ва Ўзбекистон ўртасида ҳафтасига атиги 5 та авиа рейс амалга оширилган. Ўзаро туризм жадал ривожланиши натижасида ҳозир бу кўрсаткич 40 тага етган.
Жанубий Африка Республикасининг БААдаги элчихонаси расмий ҳамкори, Визани осонлаштириш хизмати (“Middle East and Africa Operations at VFS Global”) операциялари директори Отул Маровий халқаро кўргазма доирасида Ўзбекистон ҳукумати билан меморандум имзолаганидан мамнунлигини билдирди.
Муҳаррама Пирматова,
ЎзА