French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Араб баҳори» урушларга ва бошбошдоқликка сабаб бўлди…ми?
09:24 / 2020-12-22

Ҳаммаси оддий сотувчи йигитнинг ҳақоратланиши ва унинг ўз устига бир канистр бензин сепиб ўзига ўт қўйишидан бошланди.

«Араб баҳори» алангаси 2011 йилнинг январида авж олди. Аслида учқун 2010 йилнинг 17 декабр куни Туниснинг Сиди-Бу-Зид шаҳрида пайдо бўлган эди.

Кўчада савдо билан шуғулланувчи 26 ёшли Муҳаммад Буазизи инспектор билан тортишиб қолди. Инспектор аёл йигитнинг кўчада сабзавот сотишга рухсати бор ёки йўқлигини текшириб кўрмоқчи эди. Аммо Буазизи ўзини таъқиб жабрдийдаси сифатида кўрди. У савдо учун рухсат олишга бир неча бор уриниб кўрган, аммо бунинг уддасидан чиқа олмаган эди. Инспекторга бу нарса аён эди. Шу сабабли у йигитдан пора талаб қилди. Икки ўртада даҳанаки жанг бошланиб кетди, ёрдамга етиб келган икки нафар полиция ходими йигитни ерга ётқизган ҳолда калтаклашади. Умидсизликка тушган ва ғазабланган Буазизи шикоят қилиш учун шаҳар ҳокимиятига киришга уринди. Аммо уни киришига изн берилмади. Шунда йигитнинг сабр-тоқати тугайди. Паймонаси тўлган Муҳаммад Буазизи бир канистр бензин сотиб олади-да, уни ўз устига сепиб гугурт ёқиб юборади. Ўткинчилар оловни ўчиришга муваффақ бўлишди. Аммо Буазизининг баданни куйиб кетган эди. У 18 кундан кейин шифохонанинг реанимация бўлимида вафот этди.

Сиди-Бу-Зид шаҳрида йигитнинг ўзига ўт қўйиши занжир реакциясини келтириб чиқарди. Бир қатор давлатларнинг раҳбарлари ақлларини йиғиштириб олишга уринди. Шу билан бирга ҳодисага йирик мамлакатлар ҳам аралаша бошлади. Бунинг оқибатида жамиятда норозилик тўлқинлари келиб чиқди. Сиди-Бу-Зид шаҳридаги норозиликлар аёвсиз бостирилди. Бу эса норозилик тўлқинининг кучайишига олиб келди.

Бу вақтда Тунисни 23 йилдан бери Зин аль-Абидин Бен Али бошқариб келаётган эди. 2011 йил 4 январ куни Бен Али рафиқаси Лейло Трабелси билан Тунисни тарк этди ва хусусий самолётда Саудия Арабистонга келди. Ҳокимият исёнкорлар қўлига ўтди.

Қўшни давлатлар Тунисдаги ҳодисаларни диққат билан кузатиб боришди. Кейинчалик Ливия, Миср, Яман, Сурия, Бахрайн ва Иорданияда ҳам одамлар кўчаларга чиқишди.

2011 йил февралида намойишчиларнинг талаби билан Миср президенти Ҳусни Муборак истеъфога кетди. Ливияда эса Муаммар Каддафи ҳукмронлигига барҳам берилди. Сурияда ҳам норозиликлар бошланди. Ҳатто Саудия Арабистонида ҳам норозиликлар кўзга ташланди.

Мана шунга ҳам  10 йил бўлибди. Ўтган давр мобайнидаги аҳвол ва рақамлар таҳлил қилинадиган бўлса, исён кўтарган мамлакатларда нималар бўлиб ўтгани яққол кўзга ташланади.

«Араб баҳори»нинг 10 йиллиги арафасида Нью-Йоркдаги Халқаро муносабатлар Кенгаши (CFR) бешта мамлакат (Бахрайн, Миср, Ливия, Сурия, Тунис ва Яман) даги вазиятга бағишланган илмий-тадқиқот натижаларини эълон қилди.

Кенгаш бу мамлакатлардаги низолар, демократик тараққиёт, турмуш даражаси, ёшлар ўртасидаги ишсизлик, эркин матбуот борасидаги вазиятни ўрганди. Барча соҳада вазият абгор эканлиги аён бўлди. Энг ачинарлиси урушлар ҳамон давом этаётганидир. Қуролли тўқнашувларнинг тўхташига умид йўқ.

Сурияда президент Башар Асадга қарши кўтарилган исён кенг қамровли урушга айланиб кетди. Суриядаги урушга олтита мамлакат (Сурия, Россия, Эрон, Туркия, АҚШ ва Исроил) армияси жалб қилинган. Бундан ташқари бир қатор қуролли гуруҳлар ҳам бу урушда иштирок этмоқда. Сурия урушида 500 мингдан 600 минггача киши ҳалок бўлгани, салкам 12 миллион киши уй-жойларни ташлаб кетгани айтилади. Урушнинг охири кўринмаяпти.

Муаммар Каддафи Ливияга 42 йил ҳукмронлик қилди. У ҳарбийлар ва хавфсизлик кучлари ёрдами билан этник, диний низоларга йўл қўймасди. 2011 йил августида Каддафи тахтдан ағдарилди ва кўп ўтмай ўлдирилди. Мана шундан кейин ўзаро рақобатда бўлган гуруҳлар бош кўтарди. Азалдан мавжуд бўлган низолар фуқаролар урушига олиб келди. Айни дамда Ливия бир нечта бўлакларга бўлиниб кетган.

Ямандаги Али Абдулла Салех режими ёш намойишчиларнинг талабига беписанд бўлди. Унинг хокимиятда қолиш истаги қонли мажороларга ва фуқоролар урушига сабаб бўлди.

Бугунги кунда Миср ва Бахрайнда демократик институтларнинг сусайиб кетгани айтилади. Биргина Тунисда демократик ўзгаришлар кузатилаётгани тан олинади.

Таҳлилчиларнинг фикрича, «Араб баҳори» юз берган барча мамлакатларда ёшлар ўртасидаги ишсизлик юқорилигича қолмоқда. Матбуот эркинлиги эса «араб баҳори» дан аввалги даражадан ҳам ёмонлиги қайд қилинмоқда. «Араб баҳори» ўз олдига коррупцияга қарши курашни бош мақсад қилиб қўйган эди. Аммо статистикага қараганда, коррупция даражаси исёнгача бўлган даврдагидек қолмоқда.

Демак исёнлар самара бермабди-да, деган савол пайдо бўлиши аниқ.

Яқин Шарқ ва Шимолий Африкани «портлатган» «Араб баҳори» оқибатида айрим мамлакатларда халқ исёни руҳидан узоқлашилди ва сиёсий кучларнинг ҳокимият учун кураши бошланди. Энди бу мамлакатлар олдида давлатчиликни сақлаб қолишдек мураккаб вазифалар турибди.

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА