Ар-Риёдда Халқаро кимё олимпиадаси бошланди
Ислом ҳамкорлик ташкилоти ахборот агентликлари иттифоқи – UNA-OIC хабар беришича, Ар-Риёд шаҳрида 2024 йилги 56-Халқаро кимё олимпиадаси бўлиб ўтмоқда. Мусобақада дунёнинг 90 давлатидан 333 нафар иқтидорли ўқувчи иштирок этяпти. Тадбир шаффоф ўтишини 260 нафар халқаро мутахассис назорат қилиб боради.
“Биргаликда ришталарни мустаҳкамлаймиз” шиори остида ташкил этилган олимпиада 30 июлга қадар давом этади. Натижалар 28 июль куни эълон қилинади.

Жаҳон кимё мутахассислари 50 дан ортиқ тилга таржима қилинган саволларни тасдиқлашдан олдин кенг қамровли йиғилиш ўтказди.

Соҳада глобал мулоқотни кучайтириш, турли масалаларга мустақил ва ижодий ечим тақдим этиш орқали кимё фанига қизиққан ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган Халқаро кимё олимпиадаси норасмйи равишда ўқувчилар ўртасидаги энг йирик халқаро танлов сифатида эътироф этилади.
1968 йил Прагада бошлангандан буён ушбу анжуман ҳар йили турли давлатда ўтказиб келинади.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА