Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳар бир қишлоқни камбағалликдан олиб чиқиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилиши керак
11:04 / 2020-03-17

Камбағаллик даражасини таҳлил этмасдан уни келиб чиқиш сабаблари ва натижаларига қарши курашиш учун самарали дастурлар ишлаб чиқиб бўлмайди.


Давлатимиз раҳбарининг Парламентга йўллаган Мурожаатномасида илк бора мамлакатимизда камбағаллик даражаси 4-5 миллион кишини ёки аҳолининг 12-15 фоизини ташкил этишини таъкидлади.

Камбағаллик даражасини таҳлил этмасдан уни келиб чиқиш сабаблари ва натижаларига қарши курашиш учун самарали дастурлар ишлаб чиқиб бўлмайди. Шу боисдан ҳам Президентимизнинг мамлакатимизда камбағаллик даражаси ҳамда уни бартараф этиш учун шу йилнинг ўзида 700 миллион долларлик дастурларнинг амалга оширилиши бу борада муҳим ўрин тутади.

Агарда дунё миқёсида аҳоли даромадини таҳлил қилиб чиқадиган бўлсак, бугунги кунда қарийб 600 миллион нафар инсоннинг бир кунлик даромади 1,9 АҚШ долларини ташкил этмоқда.

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, юртимизда олиб борилаётган ҳар бир ислоҳот бу рақобатбардош иқтисодиёт барпо этиш йўлида ташланган муҳим қадам бўлиб, пировардида камбағалликка барҳам беришга қаратилгандир.

Шу ўринда, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясининг қабул қилиниши билан биргина миллий пул бирлигимизнинг бошқа валюталарга эркин конвертация қилишнинг татбиқ этилиши, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилинган қарорлар ва қўшни мамлакатлар билан чегараларнинг очилиши олиб борилаётган иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларнинг тасдиғидир.

Жумладан, жорий йилдан бошлаб пахта хом ашёси ишлаб чиқариш ва мажбурий сотиш режасини, унинг нархини давлат томонидан белгилаш амалиёти бекор қилиниши ва давлатга мажбурий ғалла сотиш ҳажми 25 фоизга камайтирилиши, 2020 йилда солиқ тўловчилар томонидан ортиқча тўланган солиқ суммаси белгиланган муддатларда қайтарилмаган ҳолатда ушбу сумма учун солиқ тўловчиларга бюджет ҳисобидан Марказий банкнинг асосий ставкасига тенг миқдорда фоизлар тўлаш ҳамда ички бозорда сотилган маҳсулот бўйича қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтариш тартиби самарали йўлга қўйилиши, 2020 йилда лицензиялар ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатлар камида икки бараварга қисқартирилиши ва бошқа ислоҳотлар иқтисодиётимизни янада рақобатбардош бўлишини таъминлайди.

Барчамизга маълумки, камбағалликни бартараф этишда аҳолининг харид қобилиятини ошириш асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Бунда, аҳолимизнинг 49,5 фоиз қишлоқ жойларида истиқомат қилишини инобатга олсак, бунинг учун ҳар бир қишлоқни камбағалликдан олиб чиқиш бўйича чора-тадбир ишлаб чиқилиши мақсадга мувофиқдир.

Шунинг учун ҳам қишлоқ жойларида аҳолини барқарор даромад манбаи билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони билан қишлоқ жойларида мева-сабзавот ва узумчилик соҳасида юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни ишлаб чиқариш, фойдаланишдан чиққан ва лалми ерларни ўзлаштириш, пахта, ғалладан қисқартирилаётган майдонларга экспортбоп қишлоқ хўжалиги экинлари экишни кўпайтириш орқали камбағалликка қарши курашиш чора-тадбирлари белгилаб берилди.

Шунингдек, ҳукуматимизнинг ҳам қатор қарорлари билан мева маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш асосидаги сув тежовчи технологияларни жорий қилишга кетган харажатларини қоплаб бериш тартиби белгиланган бўлса, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш дастурлари доирасида интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш, иссиқхоналар қуриш ҳамда уларни аҳолига лизинг ва кредит шартлари асосида тақдим этиш ҳисобига аҳоли бандлигини, даромадларини ва турмуш даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, юртимизда камбағалликка барҳам бериш, халқимизнинг барқарор даромад манбаига эга бўлиши ва фаровонлигини таъминлаш мақсадида барча зарурий чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Шунинг учун ҳам ҳар биримиз ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган қарорларни ўз вақтида ва сифатли ижросини таъминласак, юртимизнинг обод бўлишида ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.

З.ЎРОҚОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва
қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича
вакил девони бош инспектори