Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳар бир фуқаронинг​ муҳим вазифаси ёхуд болалар коррупцияга қарши қандай тарбияланади?
12:17 / 2020-05-21

Жамиятда коррупцияга қарши курашни шахсий масъулият сифатида қабул қилувчилар озчиликни ташкил қилади.


Жамиятда коррупцияга қарши курашни шахсий масъулият сифатида қабул қилувчилар озчиликни ташкил қилади. Яъни буни давлат амалга ошириши керак деб ҳисоблайдиганлар кўп.

Ҳолбуки, ҳар бир фуқаронинг коррупцияга қарши қилиши лозим бўлган муҳим вазифаси бор – келажак авлодни коррупцияга қарши курашувчан қилиб тарбиялаш. Масалан, оилада ота-она, боғчада тарбиячи, мактабда ўқитувчи бўлиб болаларга нима яхши, нима ёмонлигини босқичма-босқич англатиб борамиз. Чойнинг иссиқ, анҳорнинг чуқур, тошнинг қаттиқ, йўлнинг ўнқир-чўнқир эканини қандай ўргатсак, болани пишиш, чўкиш, йиқилиш каби кутилаётган оқибатлардан қандай ҳимояласак, бу ҳам шунга ўхшаш ҳолат.

Ҳимоя қандай яратилади?

Қачонки, тарбияни ота-она – боғчага, боғча – мактабга, мактаб эса маҳаллага юкламасдан, ўз зиммасидаги мажбуриятни барча бирдек ҳис қилса, бирдек амалга оширса, ана шундагина кучли ҳимоя яралади. Уни ўзимиз яратамиз. У ҳали “коррупция”ни бола ақли билан тушунмайди, иллат эканини англамайди. Бу борада унга бошланғич маълумот ва тушунчаларни содда тилда англатиб бориш мумкин.

Масалан, қалампирнинг аччиқ эканини билдириб қўйиш учун унинг таъмини тотиш шарт эмас. Аслида, болага қалампирнинг аччиқлигини шакарнинг ширин таъми билан ҳам англатиш мумкин.

Мана шундай таққослама тасвирлар орқали болани даставвал ҳалоллик, ҳалол ризққа ўргатиш зарур. Бунда болага фикрни тез ва осон етказиш учун таълим-тарбиянинг ўзига хос воситаларини қўллаш жуда самарали. Айтайлик, ювилган олма ва балчиқда ётган олмани ўзаро таққослаш билан болага “нима яхши, нима ёмон”, “нима мумкин, нима мумкин эмас” экани билдирилади. Энди болакай балчиқда ётган олма воситасида фақат нопок бўлмасликни эмас, балки доимо пок юришни ҳам ўрганади. Бу эса ўз-ўзидан кейинги тушунтиришларга – кўнгилни ҳам тоза-пок сақлашни ўргатувчи машғулотларга йўл очади. “Ёмонликка қўл урган одам балчиқдаги олма каби юзи доғ бўлиб қолиши мумкин”лиги ҳақида бола тилида тушунтиришлар берилади. Бундай содда ва энг муҳими ўзига таниш сўз, ифодалардан кейин нима тўғрию, нима нотўғри – бола дастлабки кўникмаларга эга бўлади, ҳалол-ҳаромни ажрата бошлайди ва шу тариқа ўзи учун коррупцияга қарши ҳимоя қобиғини яратади. Бундан келиб чиқадики, бола атрофидаги барча ўқитувчи вазифасида бирлашиши зарур.

Ҳар ким ўқитувчига айланиши керак

Австрия давлати бу борада яхши тажрибани таклиф этади. Бу ерда коррупцияга қарши кураш соҳасида уч ҳафталик малака ошириш курси мавжуд. 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар учун “Коррупцияга қарши тренинг” лойиҳаси. Бунда ўқувчиларга коррупция билан тўқнашганда унга қарши қандай курашиш кераклиги, фуқароларнинг бу жараёндаги роли саҳна кўринишлари орқали намойиш этилади.

Тренинг давомида турли ўйинлар уюштирилади. Ҳар бир ўйинда ўқувчидан фаоллик талаб этилади. Улар томонидан даставвал махсус қоғозча танланади ва унга ўз роли тушунтирилади. Асосий мавзулардан бири сифатида “мактабдаги совғалар”га тўхтаб ўтилади.

Машғулотлар сўнгида эса ўқувчиларга сўровномалар тарқатилади. Сўровнома бевосита тренингнинг назарий қисмида ўрганилган маълумотлардан иборат. Иштирокчилар коррупция ҳолатини аниқлаб олиш­и, унинг сабаб ва оқибатлари, шу жумладан, ҳуқуқий масалаларни тушунтириши керак бўлади. Мақсад – юқори синф ўқувчиларининг фуқаролик жавобгарлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари ва жамоат бурчларини тушунтиришдир.

Мазкур курсларга ўқитувчи сифатида Австрия Ички ишлар ва Адлия вазирликлари, олимлар, психологлар, иқтисодий жиноятларга қарши курашиш соҳасидаги мутахассислар жалб қилинади.

Коррупцияга қарши тўққиз қадрият

Болалар билан шуғулланишда Индонезия тажрибаси энг самарали усуллардан бири сифатида эътироф этилади. Давлатда коррупцияга қарши дастурлар боғчадан бошлаб таълимнинг барча босқичини қамраб олади. Боғча ва мактаб ёшидаги болалар “коррупцияга қарши тўққиз қадрият” руҳида тарбияланади. Бу қадриятлар айнан нималар – ҳалоллик, меҳнатсеварлик, жасорат, масъулият, мус­тақиллик, адолат, интизом, камтарлик ва эътибор. Боланинг ёш хусусиятидан келиб чиқиб, бу қадриятлар уларга эртак ёки ролли ўйинлар шаклида ўргатилади. Мактаб ўқувчилари ва талабалар учун эса дарслар анъанавий тарзда маъруза, семинар, мунозаралар шаклида кечади.

Умуман, Индонезияда коррупцияга қарши кураш 2002 йилда ташкил этилган коррупцияга қарши кураш комиссияси (Komisi Pemberantasan Korupsi) ёрдамида давлат даражасида амалга оширилади. Ҳозирги вақтда коррупцияга қарши таълим дастурлари Индонезиянинг 33 та вилоятидан 11 тасида йўлга қўйилган.

Йигирма тўққиз минг иншо

Болаларда коррупцияга қарши муросасиз кайфият уйғотиш, уларни бу иллатга қарши курашувчан руҳда тарбиялаш борасида бизда ҳам амалий жараёнлар кенг йўлга қўйилган. Адлия вазирлиги ҳамда бошқа бир қатор давлат органлари ва ташкилотлар ҳамкорлигида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Коррупцияга – тараққиёт кушандаси” иншолар танлови шулар жумласидан. Биргина ўтган йил мисолида олиб қарайдиган бўлсак, танловда қарийб 29 мингга яқин ёшлар иштирок этди.

Йигирма тўққиз минг иншо – қонунга итоаткорликни юксак қадрият деб биладиган йигирма тўққиз минг ўғил-қиз дегани. Қариндош-уруғчилик, порахўрлик, кўзбўямачиликка қарши йигирма тўққиз минг ёш дегани. Эртага олдида икки йўлдан бирини танлаш шароити юзага келган пайтларда нопок йўлга оғишиб кетмайдиган, ўз фикри ва нуқтаи назарига эга йигирма тўққиз минг тўғри танлов дегани.

Умуман олганда, бола мияси ўзига ҳамма нарсани ютиб оладиган машинага ўхшайди. Айниқса, боғча ёшида у ҳали маълумотни танлаб олиш ва тушуниш ҳолатида бўлмайди. Маълумотларни қандай бўлса, шундайлигича қабул қилиб, хотирасига сақлаб боради. Ана шу жиҳатдан болага тарбия беришда “унга тегма, буни қилма” деган буйруқлардан чекиниб, уларда тўғрилик, ростгўйлик, ҳалоллик каби эзгу фазилатларни шакллантиришга янгича метод, янгича йўлдан борган мақсадга мувофиқ. Коррупцияга қарши кураш борасида ҳам.

Акмал Жумамуродов,

Адлия вазирлиги масъул ходими