Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳар бир аскар хотираси абадий​
20:31 / 2019-12-26

Мазкур акция юртимизнинг Бухоро ва Қўқон шаҳарларидан бошланди.


Ўзбекистонда Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабанинг 75 йиллигига бағишлаб “Хотира йўли” акцияси ўтказилмоқда. Акция доирасида мамлакатимиз ҳудудларидаги ҳарбийлар қабристонида фашизмга қарши кураш йўлида ўз жонини фидо қилган ватандошларимиз хотирасини абадийлаштиришга қаратилган рамзий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

Жумладан, мамлакатимиздаги Россия дипломатик миссияси ходимлари ҳамда юртимиз Мудофаа вазирлиги вакиллари томонидан тантанали равишда тупроқ йиғиш ишлари амалга оширилмоқда. Келгусида тупроқ солинган капсулалар ҳозирги вақтда бунёд этилаётган Россия Қуролли кучлари Бош ибодатхонаси хотира мажмуаси ҳудудига жойлаштирилади.

Мазкур акция юртимизнинг Бухоро ва Қўқон шаҳарларидан бошланди. Бир пайтнинг ўзида тупроқ йиғиш бўйича тантанали тадбирлар Тошкентдаги ҳарбийлар қабристонларида ҳам бўлиб ўтди. Худди шундай маросимлар жорий йил охиригача мамлакатимизнинг 11 шаҳрида ўтказилади. Республикамизда жами 17 қардошлар қабристони мавжуд. Уларнинг энг каттаси Тошкент шаҳрида жойлашган бўлиб, у 1975 йилда 1941-1945 йилларда пойтахтимизда фаолият юритган ҳарбий госпитал ўрнида барпо этилган. Мазкур мажмуа ҳудудида уруш пайтида олган жароҳатлари туфайли госпиталда ҳалок бўлган 1,5 минг аскар ва офицер дафн этилган.

“Хотира йўли” лойиҳаси Иккинчи жаҳон урушида қатнашган ҳар бир жангчига оид маълумотлар базаси бўлиб, ундан ҳамма фойдаланиши мумкин. Лойиҳага кўра, уруш қаҳрамонларининг номлари ва портретлари битилган йирик ёдгорлик яратилади ва у Россия Қуролли кучлари Бош ибодатхонаси барпо этаётган Россия Федерацияси Қуролли Кучларининг “Патриот” номли маданият ва истироҳат боғи ҳудудига ўрнатилади.

Ибодатхона мажмуасида урушда қатнашган миллионлаб жангчиларнинг номлари абадийлаштирилган Хотира йўли ётқизилади. Ушбу қаҳрамонлар орасида ўзбекистонлик уруш қурбонлари ҳам бўлади. Уларнинг номлари ва мардонавор ҳаракатлари ҳамюртларимиз қалбида мангу яшайди.