Бугунги кунда дунё миқёсида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, энергия тежамкор тизимларни жорий этиш ва экологик барқарорликни таъминлаш долзарб масалага айланмоқда. Шу маънода, глобал миқёсда яратилган замонавий технологияларни маҳаллий шароитга мослаштириш туфайли барқарор ривожланишга эришиш муҳим аҳамият касб этади.
Бундай ёндашув нафақат иқтисодий самарадорликни оширади, балки аҳолининг ҳаёт сифатини яхшилаш, муҳитга салбий таъсирни камайтириш ва янги иш ўринларини яратиш имконини ҳам беради.
Бугун Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида ўз ишини бошлаган “Иситиш, вентиляция, ҳавони совитиш ва иситиш, сув таъминоти, сантехника, бассейнлар, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш технологиялари, муқобил энергия манбалари – “Aquatherm Tashkent 2025" 13-халқаро кўргазмаси бу каби талаблар ечимига қулай фурсат яратади.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, Ўзбекистонда иситиш, вентиляция, ҳавони совитиш ва иситиш, сув таъминоти, сантехника ва экологик тоза технологиялар бўйича замонавий ечимларга талаб ортиб бормоқда. Мазкур кўргазма эса кенг кўламли инновациялар ва амалий ечимларни таклиф этиш орқали ушбу устувор йўналишларни акс эттиради. Ўзбекистонлик соҳа вакиллари, дистрибьюторлар ва халқаро ишлаб чиқарувчилар ўртасида бизнес мулоқот учун самарали платформадир.
[gallery-25633]
“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазма компанияси бош директори ўринбосари Ойимхон Бобожонова қайд этганидек, кўргазма нафақат илғор технологик янгиликларни кўриш имконини беради, балки маҳаллий мутахассислар учун халқаро тажриба алмашиш, янги ҳамкорликлар ўрнатиш ва маҳаллий бозор эҳтиёжларига мос ечимларни топишда муҳим ўрин тутади.
– “Aquatherm Tashkent 2025” каби кўргазмалар соҳадаги илғор ғоялар ва инновацияларни амалиётга жорий этишда катта аҳамият касб этади. Бу йил 13 мамлакатдан келган 175 компания ўз маҳсулотлари ва технологияларини тақдим қиляпти. Уларнинг орасида сувни тежаш, иссиқликни оқилона тақсимлаш, энергия сарфини камайтиришга қаратилган янги авлод ускуналари, “ақлли” бошқарув тизимлари ва экологик хавфсиз ечимлар бор. Бундай янгиликлар билан яқиндан танишиш ишбилармонларга маҳаллий шароитга мос, юқори самарадор ечимларни жорий этиш имконини беради. Шунингдек, хорижий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш натижасида ички бозорда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятлари кенгаяди. Тадбир нафақат ишлаб чиқарувчилар ёки мутахассислар учун, балки мамлакатимизда барқарор ривожланиш ва экологик маданиятни шакллантиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Чунки бу ерда фақат технологиялар эмас, балки келажакнинг янги фикрлари, замонавий ёндашувлари намоён бўлмоқда, – дея таъкидлади О.Бобожонова.
“Жиҳозвент” МЧЖ маркетологи Шоҳрух Неъматовнинг маълум қилишича, ушбу анъанавий кўргазмада корхона ҳар йили ўз маҳсулотларини намойиш этиб келади.
– Бизнинг корхонамиз 2002 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирги кунда 300 нафарга яқин ишчи-ходим фаолият юритмоқда. Асосий йўналишимиз – кондиционер ва вентиляция жиҳозларини ишлаб чиқариш. Биз маҳсулотларимизни нафақат Ўзбекистон бозорида сотяпмиз, балки қўшни Марказий Осиё ва МДҲ давлатларига ҳам экспорт қиляпмиз. Шу билан бирга, корхона маҳсулотларининг 90 фоизи маҳаллий хомашё асосида ишлаб чиқарилаётгани билан фарқланади,” – деди Ш.Неъматов.
Эслатиб ўтамиз, кўргазма 9 октябрь куни ўз ишини якунлайди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА