Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
АҚШнинг мева-сабзавот экспорти бўйича тажрибаси ўрганилмоқда
20:17 / 2024-01-24

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва экспорт салоҳиятини оширишда юртимиз ҳамда дунё тажрибасини уйғунлаштириш, шу асосида жаҳон бозорига олиб чиқиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Бунинг учун эса тажрибали мутахассисларни шакллантиришда хориж тажрибасини ўрганишга шароит яратиш ҳам айни муҳим мақсадлардан биридир.

Шу мақсадда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги делегацияси АҚШда бўлиб, океанорти мамлакатининг мева-сабзавот экспорти бўйича тажрибасини ўрганаётгани соҳадаги келгиси ишларни ривож топишига ҳисса қўшади. 

Делегация аъзолари АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Техас департаментида бўлди, дейилади Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги маълумотида. 

Учрашув доирасида Техас штати ва Ўзбекистоннинг фитосанитария хизмати ўртасида пахтачилик ва уруғчилик йўналишида ҳамкорлик масалалари муҳокама этилган. 

Шу билан бирга штатнинг ғўза зараркунандаларига қарши тажрибаси ҳақида батафсил маълумот берилди. Техаснинг тури ҳудудларида иқлим турлича бўлгани боис кураш чоралари ҳам турлича белгиланди. 

Учрашувда Ўзбекистон ҳудудида ғўза парваришидаги муаммолардан бири тупроқнинг шўрланиши эканлиги айтиб ўтилди. Экин майдонлари деградациясининг олдини олиш мақсадида ҳамкорлик қилишга келишиб олинди. 

Шунингдек, олий таълим йўналишида ҳамкорлик масалалари ҳам кўриб чиқилди. Жумладан, аграр соҳада мутахассисларни тайёрлаш, илмий алмашинувни йўлга қўйишга келишилди. 

Шундан сўнг агентлик ходимлари Техас штати ўсимликлар карантини хизматида бўлиб, пахта етиштириш амалиёти билан танишдилар.

Маълумки, АҚШда етиштириладиган пахта маҳсулотининг катта ҳажми айнан шу штат ҳиссасига тўғри келади. Шу нуқтаи назардан Техас ғўза ҳашаротларига қарши кураш тизими бўйича катта тажрибага эга.

Учрашув давомида уруғларни текшириш, умуман чегара масканларида карантин назоратини олиб бориш тартиби ҳақида маълумот берилди. Фитосанитар сертификат расмийлаштирув тартибига ҳам эътибор қаратилди. 

Яна муҳим жиҳат — ўсимлик маҳсулотларининг фумигацияси. Бу жараёнда бугунги кунда АҚШда қўлланилаётган тажриба, фойдаланиладиган самарали препаратлар, ишлатилиши тақиқланган воситалар хусусида фикр алмашилди. Шу билан бирга радиация орқали зарарсизлантириш услуби тушунтирилди. 

Агентлик маълумотига кўра, Қўшма штатларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт жараёни ҳам ўрганилди. 

М.Мадаминова, ЎзА