АҚШнинг Марказий Осиё мамлакатларига мурожаати
АҚШ Марказий Осиёнинг беш республикасини Қўшма Штатларнинг Россияга қарши санкциясига риоя қилиши борасида айнан қандай қадамлар кутаётганидан хабардор қилди. Бу ҳақда АҚШ Конгресси Сенатининг ташқи ишлар қўмитасида бўлиб ўтган учрашувда Давлат департаменти Америка санкциялари сиёсати мувофиқлаштирувчиси Жеймс О'Брайен маълум қилди.
У АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ўтган ҳафта Нью-Йоркда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 77-сессияси доирасида Марказий Осиёнинг беш давлати – Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қирғизистон ташқи ишлар вазирлари билан учрашув ўтказганини эслатди.
“Биз санкцияга қандай амал қилиш бўйича тавсиялар бердик, хавотиримизни билдирдик. Улар билан келгуси режалар ҳақида яна суҳбатлар ўтказамиз”, деди О'Брайен.
“Биз уларга бошқа вариантларни тақдим этиш устида ишлаяпмиз”, деб қўшимча қилди америкалик сиёсатчи.
ЎзА