French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
АҚШнинг Афғонистон бўйича Махсус вакили билан учрашув
11:41 / 2022-05-27

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов мамлакатимизга ташриф билан келган Америка Қўшма Штатларининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Томас Вест билан учрашди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Мулоқот чоғида Америка томони Ўзбекистон раҳбарияти томонидан Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий инфратузилмасини тиклаш, афғон халқига гуманитар ва бошқа ёрдам кўрсатиш бўйича юритилаётган сиёсатни юқори баҳолади.

Томонлар афғон халқини қўллаб-қувватлаш бўйича халқаро саъй-ҳаракатни мувофиқлаштириш ва тизимлаштириш зарурлигини қайд этдилар. Шу нуқтаи назардан, Афғонистонга инсонпарварлик ёрдамини етказиб бериш учун Термиз шаҳрида яратилган кўп функцияли транспорт-логистика хаби имкониятидан фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.

Афғонистоннинг янги ҳукумати кенг вакилликка асосланган ҳукумат тузиш, инсон ҳуқуқига амал қилиш, аёлларнинг асосий эркинлиги, жумладан, таълим олиши, ҳаракатланиши, жамият ҳаётида тенг асосда иштирок этиши бўйича дунё ҳамжамияти талабини бажариши масаласида давлатларимиз ёндашуви ўхшашлиги қайд этилди.

Афғонистон замини бошқа ҳеч қачон турли халқаро террорчилар бошпанасига айланиб қолмаслиги, минтақа давлатлари ва учинчи мамлакатлар учун хавф туғдирмаслиги кераклиги алоҳида таъкидланди.

Афғонистон миллий иқтисодиётини тиклаш, шунингдек, мамлакатда энергетика ва транспорт-коммуникация соҳаларида лойиҳалар амалга ошириш масаласига комплекс ёндашувни ишлаб чиқиш муҳимлиги эътироф этилди.

ЎзА