Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
АҚШга экспорт бошланди
11:34 / 2025-11-22

Бухоро вилояти божхона бошқармаси масъуллари Америка Қўшма Штатларига “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи остида маҳсулот экспортини йўлга қўйиш арафасида турган “Buxara Azteks” МЧЖда навбатдаги сайёр ўрганиш ишларини амалга оширди.

Маълумки, Давлатимиз раҳбарининг АҚШга расмий ташрифида бўлиб ўтган музокараларда икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, сиёсий мулоқотни кенгайтириш ҳамда савдо-иқтисодий алоқаларни янги босқичга кўтариш масалаларига алоҳида урғу берилган эди. Шунингдек, Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги делегациянинг океанорти сафари ҳам ушбу имкониятлардан самарали фойдаланиш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлиб, айнан Америкадан пахта толасини импорт қилиб, уни қайта ишлаган ҳолда йирик брендларга тайёр маҳсулот экспорт қилиш ташаббуси илгари сурилган эди.

Ана шу ташаббуснинг амалдаги исботи сифатида  “Buxara Azteks” МЧЖ томонидан АҚШнинг “Liberty” LLC компаниясига 2026 – 2027 йиллар давомида 60 миллион АҚШ доллари миқдоридаги тайёр тўқимачилик маҳсулотларини етказиб бериш бўйича экспорт шартномаси имзоланишига эришилди.  Бу эса, корхонанинг нафақат минтақавий, балки халқаро бозорлар учун ҳам барқарор ҳамкор сифатида шаклланганини кўрсатади.

Божхона органи масъулларининг сайёр ўрганишлари давомида корхона вакилларига “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” режими, экспортни қўллаб-қувватлаш учун бериладиган имтиёзлар ва амалдаги тартиблар батафсил изоҳланди.

Корхона кийим-кечак ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, 2025 йилда қиймати 10 минг АҚШ долларига тенг бўлган асбоб-ускуналарни импорт қилган. Корхонанинг асосий экспортёр давлатлари Германия, Польша ва Россиядан иборат бўлиб, жорий йилнинг ўтган даврида 368 тонна, қиймати қарийб 4 миллион АҚШ доллари миқдоридаги тайёр маҳсулот экспортга йўналтирган.

Мулоқот давомида экспорт жараёнида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни олдини олиш борасида фикрлар алмашилди ва божхона органлари ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини қонун доирасида доимо қўллаб-қувватлашга тайёр экани таъкидланди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.