Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Ойбек Ҳамроев раҳбарлигидаги вилоят делегацияси 18-25 февраль кунлари хизмат сафари билан АҚШда бўлди. Сафар давомида мамлакат пойтахти ва бир неча штатларида иқтисодий, савдо, IT, маданий ва туризм соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида мулоқот ва тақдимотлар ўтказилди.
- Ана шу тадбирларнинг қизиқарли, самарали бўлишини таъминлашга муносиб ҳисса қўшганлиги, америкалик сармоядорларда Самарқанд вилояти билан ҳамкорликка катта қизиқиш уйғотганлиги ва вилоятимиз делегациясига эътибори, ҳурмати учун Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасига, Америкада яшаётган самарқандликларга ва Бухоро яҳудийлари конгресси фаолларига чуқур миннатдорлик билдираман, -- деб ёзди вилоят ҳокими Э.Турдимов ҳокимлик саҳифасида. -- “THE BUKHARIAN TIMES” газетаси жамоасига эса, “Ҳамма йўллар Самарқандга элтади” шиори остида туркум мақолалар билан делегация фаолиятини кенг ёритганлиги, тарғибот қилганлиги учун алоҳида ташаккур айтмоқчиман.
Мамнуният билан айтаманки, эндиликда АҚШда ўзбекистонликларнинг ҳақиқий диаспораси пайдо бўлди. Улар хорижда халқимиз анъаналарига риоя этган ҳолда ишлаб, яшаб, фарзандларини ҳам ана шу руҳда тарбияламоқдалар. Бу жуда қувонарли ҳолат. Чунки улар машаққатли меҳнатлари, интеллектуал салоҳият эвазига даромад ва обрў топиб, Янги Ўзбекистоннинг инвесторларига айланмоқдалар, десам, муболаға бўлмайди.
Мамлакат модернизациясига кўмаклашишда ватандошларимизда улкан салоҳият бор, шу сабабли биз уларнинг жонажон Ватанимиз тараққиёти йўлида ҳамкорлигини қўллаб-қувватлаймиз.
Буларнинг барчаси ҳурматли Шавкат Мирзиёевнинг АҚШда бир гуруҳ ватандошлар билан ўтказилган учрашувларида билдирилган фикрларига ҳамоҳанглиги барчамиз учун қувонарли ҳолдир.
Америкада истиқомат қилаётган барча самарқандликларга ва АҚШдаги дўстларимизга сиҳат-саломатлик тилайман, -- деб қайд этади Эркинжон Турдимов.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири