АҚШ маъмурияти томонидан бошланган глобал савдо уруши кўп давлатларни ўйлантириб, ҳатто бироз довдиратиб қўйди. Бундай вазиятда Президент Дональд Трампнинг шартига кўниш ёки бошқа муқобил йўлни топиш зарурлиги аёнлашмоқда. Европа Иттифоқи ва Япония иқтисодий муносабатларни янада ривожлантириш ҳаракатига тушгани ҳам айни ҳолат билан боғлиқ, дейиш мумкин. Япония АҚШ билан тариф бўйича бир амаллаб келишувга эришгач, чоршанба куни Токиода Европа Иттифоқи билан савдо ҳамкорлигини кучайтириш ва иқтисодий босимга қарши курашиш режасини эълон қилди. Бу қарор Қўшма Штатларга “жавоб” сифатида баҳоланяпти.
– Дунё жадал ўзгармоқда, – деди Европарламент раиси Урсула фон дер Ляйен Токио саммитидан сўнг. – Демак, замонавий таҳдид ва мураккабликларга қарши бирлашишимиз керак.
Анжуман якуни бўйича қабул қилинган қўшма баёнотда ЕИ ва Япония фақат қоидага асосланган халқаро савдо тизими қўллаб-қувватланишини яна бир бор тасдиқлади. АҚШнинг савдо шерикларига бир томонлама тариф жорий этиши глобал савдо меъёрига зид эканига ишора қилинди.
– Биз эркинлик ва адолатга асосланган барқарор иқтисодий тартибни қўллаб-қувватлаш ҳамда мустаҳкамлаш учун бирга ҳаракат қиламиз, – деган кун чиқар юрт Бош вазири Сигеру Исиба. – Жумладан, Жаҳон савдо ташкилоти фаолияти асосини ташкил этувчи кўп томонлама савдо тизимини ҳимоя қиламиз.
Шу билан бирга АҚШ ва Япония ўртасида яқинда эълон қилинган савдо келишуви саммит муҳитига бироз соя солгани ҳам айтилган. Масалан, Токио бир неча ҳафта давомида Вашингтон билан келишолмай, музокарада анча қийналди. Трамп эълон қилган ҳужжатга кўра, Япония товарларига 15 фоиз бож жорий қилинадиган бўлди. Аввалроқ у ушбу давлатга 25 фоизлик йиғим билан таҳдид қилган эди. Бу чоралар ўзаро савдо муносабатида бирлашиб ҳаракат қилиш заруратини юзага чиқарди. Зеро, ЕИ ҳам худди Япония сингари АҚШ билан музокарада қийинчиликка учраган ва афсуски ҳозиргача бирор келишувга эришилмади.
Шундай кескин шароитда Европа Иттифоқи ва Япония 2019 йилдан буён ўзаро боғлиқликни таъминлаб келаётган савдо келишувини тўлиқ амалга ошириш ниятини билдирган. ЕИ компаниялари Японияга йилига 70 миллиард еврога яқин маҳсулот, 28 миллиард евролик хизмат экспорт қилмоқда. Ўтган 16 йил давомида икки томонлама савдо ҳажми 20 фоиз ошган.
Фон дер Ляйен сўзларига кўра, Брюссель ва Токио давлат хариди, санитария ва фитосанитария стандарти каби соҳалардаги келишувларни амалга оширишни ҳам тезлаштиради. Шунингдек, томонлар ўзаро инвестиция ҳажмини оширишга умид қилмоқда.
Бўлажак Европа Иттифоқи – Хитой саммити олдидан қабул қилинган қўшма баёнотда стратегик қарамликни камайтириш мақсадида ҳамкорликни кенгайтириш режаси акс этган. Хусусан, Хитой томонидан илгари экспорти чекланган муҳим хом ашё ва материаллар бўйича ҳамкорликни ривожлантириш кўзда тутиляпти. АҚШ халқаро савдо тизимида тўсатдан қабул қилаётган қарорлар бошқа давлатларни ҳам кутилмаган қадамлар ташлашга ундамоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/VPIs6ShwQBE" title="AQSH – Yaponiya – YEI: Sen bo‘lmasang, boshqasi..." frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>К.Бекжонов, ЎзА