Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
АҚШ хорижий хакерларга қарши ҳужум уюштиришга тайёр эканини маълум қилди
12:49 / 2021-06-04

АҚШ махсус хизмати хорижий, жумладан, россиялик хакерлар ортидан кузатув олиб бормоқда. Агар Оқ уйдан буйруқ бўлиб қолса уларга қарши киберамалиёт ўтказишга тайёр туриш керак, дейилади NBC News телеканали ишончли манбаларга таяниб тарқатган хабарида.

Хабарда айтилишича, Жо Байден маъмурияти хакерлар ҳужумини миллий хавфсизликка таҳдид ва мамлакат иқтисодиётига зарар келтирувчи манба сифатида махсус дастур орқали кўриб чиқмоқчи. "Айни дамда бу энг долзарб ва оғриқли муаммо бўлиб турибди", - дейди АҚШнинг юқори лавозимли вакили.

Телеканал берган маълумотда айтилишича, АҚШ махсус хизмати бошқа мамлакатлардаги хакерлар гуруҳини кузатишни 2019 йил ёзда бошлаган эди. Шу йўл билан тўпланган маълумотлар президент буйруқ берса АҚШнинг қарши ҳужумга ўтишига ёрдам беради.

Бундан олдинроқ Жо Байден Россия хакерларига қарши жавоб ҳужумини амалга ошириш билан боғлиқ масалани кўриб чиқаётгани ҳақда хабар тарқалган эди.  

Киберҳужум билан боғлиқ сўнгги воқеа сифатида  гўшт ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчи бўлган JBS компаниясининг тизимига ҳужумни келтириш мумкин. ОАВнинг таъкидлашича, ушбу ҳужумга REvil хакерлар гуруҳи алоқадор бўлиши мумкин. Уларнинг айрим аъзолари Россия ҳудудида экани айтилади хабарда.