Бокуда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс ўртасида учрашув бўлиб ўтди ва мулоқотдан сўнг икки давлат ўртасида Стратегик Ҳамкорлик Хартияси имзоланди.
Озарбайжон президенти матбуот хизмати маълум қилишича, Илҳом Алиев учрашув ниҳоятда самарали бўлганини таъкидлаган. Шунингдек, Алиев Озарбайжон хавфсизлик ва энергетика соҳаларида Қўшма Штатлар билан ҳамкорликни давом эттиришини, мамлакат 16 та ўлканинг, жумладан, 11 та НАТОга аъзо давлатларнинг энергетика хавфсизлигига ҳисса қўшишини қайд этди.
Вэнс Арманистон ва Озарбайжон ўртасида узоқ муддатли тинчлик шартномасининг муҳимлигини таъкидлади.
– АҚШ дўстлик ва стратегик шериклик учун миннатдорчилик билдириш мақсадида Бокуда бўлиб турибди, –деди у. – Қолаверса, Озарбайжоннинг Афғонистондан АҚШ қўшинларини олиб чиқишни якунлашдаги ёрдами халқаро ҳамкорликнинг муҳим намунасидир.
Таъкидланишича, Стратегик Ҳамкорлик Хартияси ҳужжатида минтақавий алоқа ва инфратузилма йўналишига алоҳида эътибор қаратилиб, жумладан Ўрта йўлак ва TRIPP лойиҳасини ўз ичига олган транспорт йўлакларини ривожлантириш, энергетика, транспорт ва рақамли инфратузилмани биргаликда такомиллаштириш, савдо ва халқаро логистикани мустаҳкамлаш назарда тутилган.
Қолаверса, қўшма тадқиқотлар ва ишланмалар, инновацион платформаларни ўтказиш ва венчур капитални қўллаб-қувватлаш, малакали ишчи кучини ривожлантириш учун тажриба алмашиш ва техник ёрдам кўрсатиш каби муҳим масалалар ҳам ҳужжатда акс этган.
С.Раҳимов, ЎзА