Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
АҚШ ва Россия ядровий келишувни кўриб чиқди (+видео)
16:44 / 2026-02-24

Россия ва АҚШ вакиллари 23 февраль куни Женевада учрашиб, ядровий қуролларни назорат қилиш бўйича келишувни муҳокама қилди. 24 февраль куни эса АҚШ делегацияси Хитой вакиллари билан ҳам шундай музокара ўтказиши белгиланган. Бу ҳақда Reuters ва Франция ахборот агентликлари АҚШ Давлат департаментининг юқори лавозимли манбасига таяниб хабар берган.

АҚШ бир вақтнинг ўзида уч давлат иштирок этадиган “кенг қамровли келишув” тузишни таклиф қилмоқда.  

Февраль ойида Қўшма Штатлар Британия ва  Франция билан ҳам шундай музокаралар ўтказган. Бу давлатлар ҳам ядровий қуролга эга ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари ҳисобланади.  

Россиянинг Женевадаги доимий вакили Геннадий Гатилов Британия ва Франция ҳам ядровий қуролларни назорат қилиш бўйича музокараларда иштирок этиши кераклигини айтган.  

Унинг сўзларига кўра, агар ядровий қуролларни назорат қилиш ёки қисқартириш бўйича кўп томонлама музокаралар бошланса, Россия учун Британия ва Франциянинг иштирок этиши жуда муҳим. Чунки, бу давлатлар НАТО аъзолари ва АҚШнинг ҳарбий иттифоқчилари ҳисобланади. Бу фикрни Россия вакили Женевада ўтган Қуролсизланиш конференциясида маълум қилган.  

Франция ахборот агентлигининг хабар беришича, февраль ойида АҚШ айнан шу масала бўйича Вашингтонда Россия ва Хитой билан тайёргарлик учрашувларини ўтказган. Женевадаги музокаралар эса аввалгиларига қараганда анча самарали бўлганлиги айтилади.  

Шу билан бирга, Хитойнинг қуролсизланиш масалалари бўйича элчиси Шэнь Цзянь ҳам фикр билдирган. Унинг айтишича, Хитой ҳозирги босқичда Россия ва АҚШ билан бундай музокараларда иштирок этмайди. Бунга сабаб қилиб у Пекиндаги ядровий қурол захираси Москва ва Вашингтонникига қараганда анча камлигини келтирган.  

Бундан ташқари, АҚШ расмийлари Хитой янги авлод ядровий қуролини ишлаб чиқмоқда ва 2020 йилда камида битта яширин ядровий синов ўтказган бўлиши мумкин, деб ҳисобламоқда. Хабарларда айтилишича, гап хитойларнинг бир нечта кичик ядровий каллакча олиб юра оладиган ракета тизимлари ҳамда кичик қувватли ядровий қуроллар ишлаб чиқиши ҳақида кетмоқда.  

Шу тариқа, ядровий қуролларни назорат қилиш ва қисқартириш бўйича маслаҳат учрашувлари бўлиб ўтмоқда. Бунда тегишли давлат расмийлари ўзларининг фикрларини билдирмоқда. Бироқ, бу масала бўйича ҳали якуний келишувларга эришилмади.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/_zaFzJwuDsg" title="AQSH va Rossiya yadroviy kelishuvni ko‘rib chiqdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>                            

Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА