Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
АҚШ ва Канада яҳудийлари Бухорода
15:03 / 2026-02-24

АҚШ ва Канадада фаолият юритаётган Бухоро яҳудийлари конгресси координатори, “Shashmaqam Forever” халқаро фестивали президенти ҳамда “The Bukharian Times” газетаси бош муҳаррири Рафаел Некталов бошчилигидаги нуфузли делегация кўҳна ва боқий Бухорога ташриф билан келди.

Ташриф доирасида делегация аъзолари вилоятдаги яҳудийлар тарихи ва маданий мероси билан боғлиқ муҳим ва муқаддас масканларда бўлди. Жумладан, Бухоро яҳудийлари қабристони, тарихий яҳудийлар маҳалласи ҳамда Когон шаҳрида жойлашган қадимий синагога зиёрат қилинди. Ушбу объектларнинг бугунги ҳолати, уларни сақлаш, асраб-авайлаш, илмий асосда реставрация қилиш, шунингдек, келгусида халқаро лойиҳалар доирасида ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама этилди.

Мулоқотлар чоғида тарихий ёдгорликларни муҳофаза қилиш, уларни замонавий талаблар асосида қайта тиклаш, маданий меросни келажак авлодларга соғлом ҳолда етказиш, шу билан бирга бу объектларни маданий туризм йўналишларига интеграция қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Делегация аъзолари Бухоро яҳудийлари мероси нафақат маҳаллий, балки жаҳон цивилизацияси тарихининг муҳим таркибий қисми эканини таъкидлаб, уни асраш умуминсоний қадрият эканини қайд этди.

Шунингдек, меҳмонлар Бухоронинг машҳур тарихий обидалари – Арк қалъаси ва Ситорайи Моҳи Хоса саройини ҳам зиёрат қилиб, шаҳарнинг кўп асрлик тарихи, бой маданий қатламлари, меъморий анъаналари ҳамда давлатчилик ривожида тутган ўрни билан яқиндан танишди. Саёҳат давомида меҳмонлар Бухоронинг Шарқ цивилизациясидаги ўрни, бағрикенглик ва турли миллат ҳамда дин вакилларининг асрлар давомида бирга яшаб келганлигига алоҳида эътибор қаратди.

Бўлиб ўтган учрашув ва мулоқотларда келгусида диаспора билан ҳамкорликни янада кучайтириш, қўшма маданий, таълимий ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш, халқаро фестиваль ва форумлар ташкил этиш, тарихий меросни жаҳон жамоатчилигига кенг тарғиб қилиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, Бухоро яҳудийлари тарихи ва маданиятини ўрганишга қаратилган илмий тадқиқотлар, архив ҳужжатларини ўрганиш ва электрон платформалар орқали кенг жамоатчиликка етказиш каби ташаббуслар ҳам илгари сурилди.

Зариф Комилов,  

ЎзА мухбири