Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
АҚШ ва Исроилнинг Ғазони бўлиб олиш режаси (+видео)
22:44 / 2025-10-06

Исроил молия вазири Бецалель Смотрич кўчмас мулк соҳасидаги жозибадорлигини назарда тутиб, Ғазони “олтин кони”га қиёслади. У Исроил келажакда ҳудудни тақсимлаш ва ривожлантириш мақсадида АҚШ билан музокара олиб бораётганини ҳам инкор этмади. Бу ҳақда дунёнинг етакчи ахборот агентликлари мулозимдан иқтибос келтирган ҳолда ёзган.

Исроил томони бундай хабарларни ҳақиқатдан йироқ, яъни уйдирма сифатида талқин қилди. Шундан сўнг дунё ОАВ мазкур маълумотлар чинлигини исботловчи далиллар келтирилган хабарлар тарқатди. Шу боис эътиборингизни матбуотда урчиган, айни пайт муҳокамага сабаб бўлаётган ахборотларга қаратамиз.

– Бу урушга жуда кўп маблағ сарфладик, – деган Смотрич. – Энди ерни қандай улушда тақсимлашни кўриб чиқишимиз керак. Вайронагарчилик, яъни бузиш шаҳарни янгилашнинг биринчи босқичи эди. Бу ишни амалга оширдик. Энди фақат қуриш қолди.

Таъкидланишича, жанг тугагач анклав Исроил ва АҚШ ўртасида қандай тақсимланиши масаласи аллақачон муҳокама қилинган. Шунингдек, вазир исроиллик йирик тадбиркорлар томонидан сектор қамраб олиниши бўйича АҚШ Президентига ўз бизнес-режаларини тақдим қилганини ҳам эслатди. Аниқроғи, Трампнинг столида энг кучли професионаллар ишлаб чиққан бизнес режа борлигини айтди. Дарҳақиқат, “The Washington Post” нашрида бу борада эълон қилинган режа Ғазони қайта қуриш бўйича махсус таклифларни қамраб олган. Яъни, анклав назорати камида 10 йил АҚШда бўлади, Ғазо аҳолиси вақтинча кўчирилади. Таклиф қилинган режа Америка ва Исроил томонидан қўллаб қувватланган. Шунингдек, Ғазода 6-8 та “ақлли шаҳар” қуриш, кўчмас мулк ҳуқуқини ўзгартириш чоралари ҳам кўзда тутилган. Шу билан бирга араб давлатлари ҳам ўз режасини илгари сургани маълум: масалан, Миср, БАА ва Фаластин маъмурияти Ғазо учун технократ ҳукумат тузиш, араб тинчлик кучларини жойлаштириш ва молиявий ҳамкорликка асосланган режалар тузишни таклиф қилган. Исроил ва АҚШ бу таклифни рад этган. Ёдингизда бўлса, 16 сентябрь куни Исроил ҳукумати Ғазо шаҳрини босиб олиш учун қуруқликдан ҳарбий амалиёт бошлади. Ҳужум кенг миқёсли ҳаво зарбалари билан ҳамоҳанг амалга оширилди. Исроил Мудофаа вазирлиги бу ҳақда “Армия ҲАМАСни тўлиқ енгиб, гаровдагиларни озод қилмагунча, зарбалар тўхтатмайди” деди. Бинобарин, куни кеча Президент Трамп Ғазо секторига ҳужумни тўхтатишга чақирди. Ҳаракат ҳам АҚШ тайёрлаган минтақавий тинчлик режасининг баъзи бандларини қабул қилгани айтиляпти. Шунингдек, Исроилга тирик ва ҳалок бўлган гаровдагилар қайтарилиши бўйича ваъда берилган. Афсуски, ҲАМАС ҳозирча Трампнинг қуролсизланиш ва анклавдан чиқиб кетиш талабига рози бўлгани йўқ.

“Axios” портали маълумотига кўра, мазкур амалиёт шу пайтгача Америка томонидан қўллаб-қувватланган. Давлат котиби Марко Рубио олдинроқ ҲАМАСда оташкесим шартига рози бўлиш учун вақт жуда оз қолганини айтганди. Табиийки, у Трампнинг урушни тўхтатиш режасидан бохабар.

Хабарингиз бор, БМТ комиссияси Тель-Авивнинг Ғазога нисбатан ҳаракатларини геноцид, дея баҳолади. Комиссия раиси Нави Пиллэй таъкидлашича, Исроил нафақат ушбу жиноятларнинг олдини олиш, балки бундай ҳаракатни амалга оширганларни жазолаш масъулиятдан ҳам қочяпти.

Ҳукумат, жумладан молия вазирининг Ғазодаги эгалланган ҳудудларни тақсимлаш ёки қайта қуриш ҳақидаги режаси оммага аён бўлгач, Исроил томонидан ҳолат турлича талқин қилина бошланди. Масалан, “Бу гап уйдирма, Исроил ҳукумати позициясини ифодаламайди” сингари баҳоналар билан сувдан қуруқ чиқишга уриниш бор.

Бунга жавобан, ҳатто, Смотрич юқоридаги баёнотини қаерда ва қачон бергани юзасидан далил келтирилди. Масалан,  ўтган йил 5 декабрь  куни Тель-Авивда бўлиб ўтган саммитда у ҳудудни бошқариш ва манзилдан инвестиция объекти сифатида фойдаланиш ҳақида очиқ гапирган. Шунингдек, 8 январь куни ижтимоий  тармоқ орқали узатилган жонли эфир пайти шундай деган:

– Ғазо секторида фуқаролик бошқарувини Исроил ўз зиммасига олиши керак. Биз у ерда жуда узоқ вақт қолишимиз лозим.

Эътибор берилса, “Исроил Ғазони бошқариши керак” мазмунидаги ёндашув илгари сурилаётгани, ҳеч қандай “давлатлараро бўлиб олиш” ҳақида очиқ айтилмаса-да, аннекция ёки ҳудудни бир томонлама эгаллаш назарда тутилгани аён.

Вазир “тақсимлаш” масаласи АҚШ билан бевосита муҳокама қилинаётганини билдирган. Яъни, урушдан сўнг Ғазони инвестиция ва қурилиш майдони сифатида ривожлантириш режаси бор. Бундай баёнотлар секторни фаластинликларга қайтариш эмас, балки қайтадан ўзлаштириш ниятидан далолат.

Исроил ҳарбий ҳаракатларини асосан ўзини ҳимоя қилиш, терроризмга қарши кураш сифатида кўрсатмоқчи бўлади. Мамлакатнинг юқори даражали расмийлари “Ғазони тақсимлаш”, “бузиб қайта қуриш”, “олтин кони” каби ибораларни очиқ ифодалаши очиқдан-очиқ ўз айбини тан олиш бўлади ва БМТ ҳамда халқаро судлардаги айбловни кучайтиради. Натижада Исроилга қарши санкция қўлланиши, салбий сиёсий оқибатлар юзага чиқиши мумкин. Шу сабабли, матбуотда бундай баёнотлар очиқ берилмайди. “Шахсий фикр” ёки “номаълум манба”нинг гапи сифатида сиздирилади.

Дарвоқе, Бецалель Смотрич сингари сиёсатчилар ўта радикал қарашга эга шахс сифатида қабул қилинади. Бундай одамларнинг гаплари, ҳатто, Исроилнинг ичида ҳам баҳс-мунозарага сабаб бўлади.

Масалан, ҳукуматнинг айрим аъзолари, дейлик, Нетаньяху бошқа сиёсий йўл тутиб, мувайян баёнотни “ҳукумат позицияси эмас” дея кўрсатишга ҳаракат қилади. Сиёсатшунослар билдиришича, позиция бундай ўйноқи услубда баён этилиши ёки гўё, аҳамиятсиз тарзда талқин этилиши давлатнинг сиёсий барқарорлигини сақлаш мақсадини ифодалайди. Гарчи, кўзланган режа аниқ бўлса-да, ҳар эҳтимолга қарши, шу йўл билан масъулиятдан қочилади. Ҳукуматга қарашли матбуот эса бу гапларни ёпиш ёки юмшатиш билан, гўёки, юз бериши мумкин бўлган сисий-иқтисодий хатарнинг олдини олади.

Агар расмийлар Ғазони бўлиб олиш ёки аннекция ҳақида очиқ гапирса, бу Халқаро гуманитар ҳуқуқни бузиш сифатида баҳоланади ва геноцид, оккупация, жиноятга шериклик каби айбловларга асос бўлади.  Матбуот буни англаб, “рад этиш” орқали давлатни юридик муҳофазада ушлашга ҳаракат қилади.

Хуллас, Исроил матбуоти айрим баёнотларни инкор қилишини реал сиёсий, ҳуқуқий ва халқаро оқибатни юмшатишга қаратилган ҳаракат, деб ҳисоблаш мумкин. Ҳукумат матбуоти қанчалик яширишга ёки маълумот ёлғонлигига ишонтиришга уринмасин, бундай баёнотлар  радикал сиёсатчилар томонидан айтилиб, матбуотдан мустақил равишда дунёга тарқалмоқда.

<iframe width="640" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/E8ePtpxvccY?si=1mWQ3CJRdYZ_zUUM" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Кенжа Бекжонов,

ЎзА шарҳловчиси