-
ВВС нашри “АҚШ ва Исроилнинг Эронга уруши қонунийми? Трамп ҳаракатларига оид саволлар”сарлавҳаси остида таҳлилий мақола эълон қилди. Мақолада юз бераётган қуролли тўқнашувларга ҳар томонлама муносабат билдирилган.
Ҳақиқатан ҳам, АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлари нафақат Россия, Хитой ва Шимолий Корея, балки НАТО давлатларида ҳам турли саволларни юзага чиқарди. Бу урушни Хитой, Россия ва Шимолий Корея қоралади. Австралия ва Канада эса очиқ қўллаб-қувватлади. Франция ва Германия ҳам Вашингтон томонида эканини билдирди. Британия позицияси баҳсли бўлди. Дастлаб Лондон ўз базаларидан фойдаланишга рухсат бермади, кейинчалик фақат ракеталарга қарши зарбалар учун рухсат берди. Бош вазир Кир Стармер операциянинг қонунийлиги масаласида хавотир билдириб Трампнинг танқидига учради. Гарчи АҚШ президенти норози бўлсада Испания бу уруш БМТ нинг Халқаро меъёрларига зид эканини айтди.
Аммо, АҚШ ва Исроил маъмурияти операцияни халқаро ҳуқуқда назарда тутилган ўзини ҳимоя қилиш чораси деб баҳоламоқда.
Уларнинг фикрича, Эроннинг ядро дастури ва баллистик ракеталар ишланмалари Исроил учун жиддий хавф, АҚШ учун эса жиддий таҳдид бўлган. Музокаралар самара бермагани сабабли, эҳтимолий ҳужумни олдини олиш учун аввал зарба беришдан бошқа чоралари қолмаган.
Трамп уруш бошланганидан сўнг қилган мурожаатида шундай деди: «Бизнинг мақсадимиз, Америка халқини ҳимоя қилиш. Эрон режими бизнинг мамлакатимизга, ҳарбийларимизга ва бутун дунёдаги иттифоқчиларимизга бевосита таҳдид солмоқда».
АҚШ президенти Эрон гўёки АҚШга зарба бера оладиган қитъалараро ракеталар яратиш арафасида турганини айтди. Бироқ Reuters агентлигининг маълум қилишича, АҚШ разведкаси маълумотлари бу даъвони тасдиқламайди.
Исроил президенти Исҳоқ Ҳерцог ҳам операцияни ўзини ҳимоя қилиш деб атади ва Али Ҳумонаий режими халқ маблағларини қирғин қуроллари яратишга сарфлади, деди.
Бироқ Англиянинг Рединг университети профессори Марко Миланкович бу фикрларга қўшилмайди. Унинг таъкидлашича, БМТ Низомининг 51-моддасига кўра ўзини ҳимоя қилиш учун давом этаётган ёки яқинлашиб келаётган қуролли ҳужум бўлиши шарт. Бундай ҳужум Эрон томонидан кузатилмаган.
Колумбия университети тадқиқотчиси Скотт Андерсон ҳам халқаро ҳуқуқ меъёрлари бўйича уруш бошлаш учун белгиланган талаблар бўлиши кераклигини айтади. Аммо, кўплаб давлат раҳбарларнинг фикри, қолаверса мутахассисларнинг хулосалари Дональд Трамп маъмурияти учун аҳамиятли эмас, чунки улар БМТни танқид қилади ва иттифоқчилар фикрига эътибор бермайди. АҚШдаги жамоатчилик фикри ҳам бу урушга салбий муносабатда. Сўнгги сўровларга кўра, америкаликларнинг кўпчилиги бу урушни қўлламайди. Шунингдек, демократик гуруҳлар ва баъзи бир оммавий шахслар бу урушдан норози. The New York Times нашрининг маълум қилишича, таниқли журналист Такер Карлсон охирги ойда Трамп билан уч марта учрашиб, уни урушга киришмасликка даъват этган.
Хулоса қилиб айтганда ҳарбий операциянинг АҚШ конгресси ва БМТдан тасдиқ олмай бошлангани, унинг қонунийлигини йўққа чиқаради.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ouk5nPjI5mA" title="AQSh va Isroilning Eronga urushi qonuniymi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА