ХХ аср иккинчи ярмидан бошлаб АҚШ ва Европа ўртасидаги муносабат халқаро сиёсатдаги энг барқарор стратегик шериклик сифатида тан олинар эди. Иккинчи жаҳон уруши якунлангандан кейин шаклланган мазкур Трансатлантик ҳамкорлик хавфсизлик, иқтисодиёт ва дипломатия соҳаларида ғарб давлатларининг умумий ёндашувини белгилаб берди. НАТО каби институтлар айни жараёнда вужудга келиб, ўнлаб йил давомида Ғарб дунёси сиёсий иморатининг асосий устуни бўлиб хизмат қилди.
Сўнгги йилларда халқаро муносабатда юзага келаётган янги геосиёсий ҳолат ушбу муносабатга ҳам таъсир кўрсатмоқда. Айниқса, 2024-2026 йиллар давомида кузатилаётган сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик билан боғлиқ баҳс-мунозаралар АҚШ ва Европа ўртасидаги муайян стратегик қарашларда фарқ пайдо бўлаётганини кўрсатмоқда. Бу келишмовчилик баъзан дипломатик тортишув, баъзан иқтисодий рақобат шаклида намоён бўлмоқда.
Экспертлар фикрича, Трансатлантик муносабатдаги бу янги босқични бир неча омил билан изоҳлаш мумкин. Бир томондан, дунё сиёсатида кўп қутбли тизим шакллана бошлагани Ғарб давлатларини стратегик устуворлик масаласини қайта кўриб чиқишга мажбурламоқда. Иккинчи томондан, глобал иқтисодий рақобат, технологик устунлик учун кураш ва янги хавфсизлик таҳдидлари икки қудратли минтақанинг ташқи сиёсий қарорларида тофовут пайдо қилмоқда.
Сўнгги воқеалар айни жараённи янада кучайтирди. Яқин Шарқда авж олаётган ҳарбий кескинлик, хусусан АҚШнинг айрим иттифоқчилари билан бирга амалга ошираётган ҳарбий амалиёти Европа давлатлари орасида турлича фикр ҳосил қилди. Кўҳна қитъанинг қатор пойтахтларида Американинг ҳаракати минтақавий вазиятни янада беқарорлаштириши мумкинлигидан хавотир уйғоняпти. Шу билан бирга ЕИ айрим ҳолларда дипломатик ечимни устувор ҳисоблаётгани ҳам маълум.
Бундан ташқари иқтисодий сиёсатда ҳам муайян келишмовчилик кузатилмоқда. АҚШ томонидан саноатни қўллаб-қувватлашга қаратилган йирик субсидия дастурлари Европа давлатлари орасида жиддий баҳсга сабаб бўлди. Қитъа сиёсатида бундай чоралар халқаро савдо мувозанатига таъсир кўрсатиши,саноат учун рақобат шароитини мураккаблаштириши мумкинлиги хусусида фикрлар билдирилмоқда. Шу боис ЕИ ўз саноат сиёсати ва технология мустақиллигини кучайтириш масаласини кун тартибига олиб чиқди.
Айни пайт хавфсизлик соҳасидаги қарашлар ҳам маълум даражада фарқлана бошлади. АҚШ глобал хавфсизлик масаласида фаол ҳарбий иштирокни сақлаб қолиш тарафдори бўлиб келмоқда. Европа давлатларида эса муайян муаммони баъзан дипломатия механизми ва сиёсий музокара орқали ҳал қилишга кўпроқ эътибор қаратиш фикри илгари сурилмоқда.
Қолаверса, ЕИ энди “стратегик автономия” концепциясини фаол муҳокама қила бошлади. Мазкур ғоя Европа давлатларининг хавфсизлик, технология ва иқтисодиёт соҳаларида ташқи таъсирдан мустақил қарор қабул қилиш имкониятини кенгайтиришга қаратилган. Айрим таҳлилчилар бу тенденцияни Трансатлантик муносабатда янгича мувозанат шаклланиши белгиси сифатида баҳолайди.
Тўғри, АҚШ ва Европа ўртасидаги муносабат бутунлай узилиш босқичига яқинлашгани йўқ, аммо охирги воқеалар Трансатлантик шериклик аввалгидек мутлақ мувофиқликка асосланмагани, балки янги геосиёсий шароитда қайта шаклланаётганини кўрсатмоқда. Халқаро таҳлилчилар фикрича, бу жараён келгуси йилларда Ғарб давлатлари ҳамкорлиги моделини ҳам маълум даражада ўзгартириши мумкин.
АҚШ ва Европа муносабатида кузатилаётган янги зиддиятни тушуниш учун бугунги геосиёсий воқеаларга эътибор қаратиш зарур. Сўнгги йилларда халқаро муносабатда кескинлик кучайиб, глобал хавфсизлик муҳити анча мураккаблашди. Украинадаги уруш, Яқин Шарқда авж олган ҳарбий тўқнашув, энергетика бозоридаги беқарорлик ва технология рақобати Ғарб давлатлари ташқи сиёсий стратегиясига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Айни жараёнда АҚШ ва Европа давлатларининг айрим масалаларга қараши бир-биридан фарқ қила бошлади.
Аввало, хавфсизлик сиёсатидаги ёндашув ўртасида муайян тафовут пайдо бўлаётгани кузатиляпти. АҚШ ташқи сиёсатда фаол ҳарбий иштирок тарафдори, глобал хавфсизлик тизимида ҳам етакчиликни сақлаб қолишга интилади. Вашингтон фикрича, халқаро низога нисбатан қатъий ёндашув ва ҳарбий босим айрим ҳолларда стратегик барқарорликни таъминлаш учун зарур.
Россия – Украина уруши ҳам Трансатлантик муносабатда муҳим омил бўлиб қолмоқда. Европа давлатлари РФ билан масофавий яқинлик сабаб бу можарони ўз хавфсизлигига бевосита таҳдид сифатида қабул қилади. АҚШ эса бу жараёнда кўҳна қитъа хавфсизлигини қўллаб-қувватлаш билан бирга, глобал стратегия нуқтаи назаридан ҳам ҳаракат қилмоқда. Баъзи таҳлилчилар фикрича, уруш узоқ давом этар экан, Европа давлатлари иқтисодий ва энергетик босимни кучлироқ ҳис қилмоқда. Натижада Вашингтон ва Брюссель ўртасида муайян сиёсий баҳс юзага келяпти.
Иқтисодий соҳада ҳам рақобат аломати намоён бўла бошлади. Америка томонидан қабул қилинган саноатни қўллаб-қувватлаш дастурлари, айниқса яшил энергетика ва юқори технологиялар соҳасидаги субсидиялар Европа давлатлари орасида жиддий муҳокамага сабаб бўлди. Европа сиёсатида бу чоралар Трансатлантик иқтисодий мувозанатни ўзгартириши мумкинлигидан хавотир уйғотмоқда. Шу боис ЕИ ўз саноатини ҳимоя қилиш ва технология мустақиллигини кучайтиришга қаратилган янги иқтисодий стратегиялар ишлаб чиқмоқда.
Яна бир муҳим жиҳат – Европа давлатларида стратегик мухторият ҳақидаги муҳокама кучайиши. Мазкур тушунча Европа давлатларининг хавфсизлик, иқтисодий сиёсат ва технология соҳаларида мустақил қарор қабул қилиш имкониятини кенгайтиришни назарда тутади. Экспертлар бу тенденцияни ЕИнинг ўз геосиёсий ўрнини қайта белгилашга интилиши билан изоҳлайди. Шу билан бирга, Европа НАТО доирасидаги ҳамкорликни сақлаб қолиш тарафдори эканини ҳам таъкидламоқда.
Хуллас, АҚШ ва Европа ўртасидаги муносабат инқироз босқичига киргани ҳақида гапириш ҳали эрта, бироқ сўнгги воқеалар Трансатлантик шериклик аввалгидек мутлақ бир хил ёндашувга асосланмаганини кўрсатмоқда. Геосиёсий рақобат кучайгани сари ҳар икки томон ўз миллий ва минтақавий манфаатини аниқроқ ифода этишга уринмоқда.
Айни пайт аксарият таҳлилчилар фикрича, АҚШ ва Европа ўртасидаги стратегик ҳамкорлик барибир халқаро сиёсатда муҳим аҳамиятга эга бўлиб қолаверади. Зеро, глобал хавфсизлик, иқтисодий барқарорлик ва халқаро институтлар фаолияти кўп жиҳатдан айнан шу ҳамкорликка боғлиқ. Демак, Трансатлантик муносабатдаги бу янги босқични кўпроқ қарашлар қайта кўриб чиқилаётган давр сифатида баҳолаш мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА