Бугун Фарғонадаги “Central Asian Medical” университетига ватандошимиз, “St. Louis” университети профессори, АҚШнинг Мерси Хелт – “St. Rita’s Medical Center” (Огайо, АҚШ) клиникасида фаолият юритаётган таниқли ортопед-травматолог, юқори малакага эга шифокор ва тиббиёт соҳасида катта тажрибага эга бўлган профессор Джолдас Мурадович Қулжданов ташриф буюрди.
Учрашув давомида университет раҳбарияти билан самимий мулоқот бўлиб ўтди. Профессор Джолдас Қулжданов Ўзбекистон тиббиёт таълими ва амалиётини халқаро даражага кўтариш борасида ўз фикр-мулоҳазалари ва тажрибалари билан ўртоқлашди.

Ташриф давомида “Central Asian Medical” университетида клиник ординаторлар ва магистрларга замонавий ортопедия ҳамда травматология йўналишларида дарс ўтиш бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, Қорақалпоғистон илмий-амалий тиббиёт академиясида яқин келажакда маъруза ва маҳорат дарсларини ўтказиш режалаштирилди.

Профессорнинг ташрифи дўстона илмий ҳамкорликни янада кучайтириш, ёш мутахассисларга халқаро тажрибани ўргатиш ва Ўзбекистон тиббиёт тизимини ривожлантириш йўлида муҳим қадам бўлди.
Ушбу ташриф доирасида “Central Asian Medical” университети жамоаси томонидан профессор Джолдас Мурадович Қулждановга фахрий профессор унвони тантанали тарзда тақдим қилинди.


Муҳаммаджон Обидов, ЎзА